Таниқли олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Турғунпўлат Даминов 2022 йилнинг 6 февраль куни 81 ёшида вафот этди.

Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев, Танзила Нарбаева (Сенат раиси), Нурдинжон Исмоилов (Қонунчилик палатаси спикери), Абдулла Арипов (бош вазир) ва Бехзод Йўлдошев (Фанлар академияси президенти) таъзиясини эълон қилди.

Турғунпўлат Даминов 1941 йил 25 апрелда Тошкент шаҳрида туғилди. 1964 йил Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тиббиёт академияси)ни тугатиб, меҳнат фаолиятини мазкур олий таълим муассасасида стажёр-тадқиқотчиликдан бошлади. Кейинчалик аспирантурада таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди.

2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги этиб сайланди.

Заҳматкаш олим ўзининг қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент давлат тиббиёт институти доценти, кафедра мудири, ректори (1990−2005 йй.), Тошкент педиатрия илмий-текшириш институти директори (1983- 1990 йй.) лавозимларида самарали меҳнат қилди. Тошкент тиббиёт академиясида ёшларга сабоқ бериб, юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.

Турғунпўлат Даминов ўз илмий фаолиятида индукторларни болалар касалликларига татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, кўп йиллик изланишларидан сўнг янги турдаги бензонал индуктор амалиётда қўллана бошланди. Натижада, ўткир ва давомли гепатит касаллигининг сурункали шаклга ўтмаслигини таъминлаб берадиган асосий препарат даволаш жараёнига самарали жорий этилди.

Турғунпўлат Даминов 6 та дарслик, 14 та монография, 45 дан зиёд илмий-услубий қўлланма ва тавсияномалар, ўнлаб мақолалар муаллифи ҳисобланади. Унинг бевосита раҳбарлигида 21 та фан доктори ва 45 га яқин фан номзодлари тайёрланган.

У мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб, Олий Мажлиси депутати сифатида самарали фаолият олиб борди.

Академик Турғунпўлат Даминовнинг мамлакат илм-фанини ривожлантириш йўлидаги хизматлари ҳукумат томонидан муносиб эътироф этилган. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган шифокор» фахрий унвони, «Дўстлик» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан мукофотланган эди.

«Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Турғунпўлат Обидович Даминовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», — дейилади хабарда.