Қашқадарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Нодир Эркаев расман дам олиш куни бўлишига қарамасдан, ҳоким ёрдамчиларини ишга чақириб олгани айтилмоқда.

Блогер Отабек Артиков вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари телеграмдаги гуруҳлардан бирида ёзган гаплари акс этган суратни эълон қилди.

Унда Нодир Эркаев «1 январдан ҳамма маҳаллада иш бошлаши кераклиги» ҳақида ёзган.

«Аллақачон, 2 кун йўқотдинглар, яна бир марта қайтараман, ҳамма эртадан маҳаллада хатловни бошласин. Мен кеча Қарши шаҳар Арабхона маҳалласига, бугун Косон тумани Натибаланд ва Тошкўприк маҳалласига бориб, ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан танишдим, жуда эътирозлар қилдим, фаолиятини тўғри йўлга қўйиш бўйича тавсиялар бердим. Ҳамма шу 3 та маҳалла ҳоким ёрдамчиларига номзодлар билан нима эътироз билдирганимни гаплашиб олсин. Эртага Қамаши туманидаги ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан танишаман», — дея давом этган у.

3 январь куни Қамаши тумани ҳокимлиги матбуот хизмати мазкур хабарни тасдиқловчи постни эълон қилди. Унда «вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев Оқрабод ва Кўкабулоқ маҳалласи ҳудудида ҳоким ёрдамчилари иштирокида аҳоли хонадонларида бўлгани» қайд этилган.

Фото: Қамаши тумани ҳокимлиги матбуот хизмати.

Таъкидланишича, ҳоким ёрдамчиларининг иш фаолиятини бошлаши олдидан амалий семинар ўтказилган ҳамда ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича керакли кўрсатмалар берилган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг декабрь ойи охирларидаги фармони билан иш ҳафтасидан қатъий назар (ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар ҳам) барча ходимлар Янги йил байрами муносабати билан 5 кун (31 декабрдан 4 январгача) дам олиши белгиланган эди.

18 ноябрь куни Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими в.б лавозимига ўтиши муносабати билан унинг ўрнига Муротжон Азимов Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Нодир Эркаев 2021 йилнинг 29 апрель куни Қашқадарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. У мазкур лавозимда апрель бошида президент бошчилигидаги видеоселектор йиғилишида ишдан олинган Ўткир Бўтаевнинг ўрнини эгаллаганди.

Эслатиб ўтамиз, Каттақўрғон шаҳри ҳокими Қашқадарёдан Самарқанд вилоятига чигитни олиб ўтишни гуёки тақиқлаш тўғрисида оғзаки кўрсатма бергани учун Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов устидан шикоят қилди. Унинг сўзларига кўра, вилоят раҳбари унинг SMS хабарларига жавоб бермаган ҳамда унинг тўрт кун давомида юкни ўтказиш масаласини ҳал қилиш борасидаги ҳаракатлари зое кетган.