Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимованинг Қашқадарёдан Самарқанд вилоятига чигитни олиб ўтишга оғзаки тақиқ қўйган Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов устидан шикоят қилганди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги мазкур ҳолатга изоҳ берди.

Хабарда айтилишича, 28 декабрь куни Чироқчи туманидаги «Умакай» постида Йўл ҳаракат хавфсизлиги ходимлари томонидан чигит маҳсулоти ортилган 3 та юк транспорт воситалари тўхтатилган. Ўзини чигитни олиб кетаётган корхона экспедитори деб таништирган Комил исмли шахс қоғоз шаклидаги 94 тонна чигит маҳсулотини Oq Saroy Klaster МЧЖдан Marokand Gold Oil Extraction МЧЖга жўнатилганлиги ҳақида қўлда ёзилган (QR кодга эга бўлмаган) юк хатини тақдим қилган.

Тақдим этилган ҳужжатлар орасида электрон ҳисобварақ-фактура, биржа савдосидан ютиб олганлиги тўғрисида электрон «Тикет», шартнома ва ишончнома бўлмаган, дейилади хабарида. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги [489-сон] қарори 2-иловаси 67-бандида, «Товарлар транспорт воситасида ташилганда электрон шаклда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактура QR кодга эга бўлган электрон тарзда ёки қоғоз нусхаси чоп этилган ҳолда ташувчига тақдим этилиши» белгиланган.

«Marokand Gold Oil Extraction олиб кетаётган чигит маҳсулоти бўйича QR кодга эга бўлган ҳисобварақ-фактура бўлмаганлиги ва тақдим этилган ҳужжатларда шубҳа туғилганлиги сабабли 3 та юк транспорт воситаларидаги чигит маҳсулотлари қонуний равишда вақтинча сақловга олинган», — дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

Шундан сўнг, 29 декабрь куни Oq Saroy Klaster МЧЖ томонидан расмийлаштирилиб, Marokand Gold Oil Extraction`га 98,3 тонна чигит юборилгани, лекин сотиб олувчи томонидан ҳанузгача электрон имзо билан тасдиқланмаган электрон ҳисобварақ-фактурасининг қоғоз нусхасини тақдим этмаган.

Хабарда қайд этилишича, ҳар бир солиқ тўловчи электрон ахборот тизими орқали сотилган товарни харидорга жўнатишдан аввал, электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштириши, олувчи ҳам электрон имзо билан қабул қилганини тасдиқлаши лозим. Бу ҳисобварақ-фактуралар Давлат солиқ қўмитасидаги ахборот тизимида шаклланади ва ҚҚС ҳисоблаш учун асос бўлади.

Ҳокимият электрон ҳисобварақ фактурасисиз, қўлда ёзилган қоғоз юк хати билан товарларни реализация қилишни шубҳали деб атади. Юк хати фақатгина ортилган товарнинг йўлдаги текширувлари учунгина фойдаланилиб, кейинчалик йўқотилиши орқали солиқдан қочиш эҳтимоли катта, дейилади изоҳда.

Ҳозирда вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Marokand Gold Oil Extraction томонидан Oq Saroy Klaster МЧЖдан электрон ҳисобварақ-фактураси расмийлаштирилмасдан чигит маҳсулоти олиб кетилгани юзасидан тезкор ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

«Тезкор қидирув тадбирлари ошкора ва ноошкора усулларда ўтказилгани сабабли айрим ҳолатлар ошкор этилмайди», — дейилади ҳокимлик хабарида.