2 февраль куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси 926 нафар фуқарода аниқланди, деб хабар берди ССВ матбуот хизмати.

22 январь куни қайд этилган максимал натижадан кейин илк бор кунлик ҳолат 1000 тадан камайди. Бундан бир кун олдин 1087 та ҳолатда вирус юқтириб олингани маълум қилинганди.

Чоршанба куни энг кўп ҳолат Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келмоқда — 431 та, Тошкент вилоятида — 102 та, Фарғонада — 67 та, Самарқандда — 51 та, Қорақалпоғистонда — 47 та. Қолган ҳудудларда эса 46 тадан (Сурхондарё) 12 тагача ҳолат (Сирдарё) қайд этилган.


Касалликдан соғайганлар жами 210926 (+279) нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, кун давомида 4 нафар бемор, умумий ҳисобда эса 1575 киши вафот этди. Қолаверса, кеча 188 нафар кишида пневмония аниқланди.

Эслатиб ўтамиз, чоршанба куни кечаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги боғча ёшидаги (3−6 ёш) болалар ўртасида касалланиш, уй қарамоғидаги шу ёшдаги болаларга нисбатан (3−3,5 марта) кам учраётганини маълум қилганди. Қолаверса, касалликнинг юқтириб олиш манбаи 35−43% ҳолатда касалланган оила аъзоси ёки қариндошлари, 6−7% ҳолатда бемор кўшнилари, 10−12% ҳолатда жамоат жойларидаги мулоқот ва 4−5% ҳолатда иш жойидаги мулоқот экани айтилганди.

Шулардан келиб чиқиб, Коронавирусга қарши курашиш республика Махсус комиссияси 7 февралдан ОТМ, коллеж, лицей ва мактабларда таълимни анъанавий шаклга ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди. Шунингдек. хориж тажрибасидан келиб чиқиб, коронавирус юқтириб олган беморлар билан мулоқотда бўлган шахсларнинг карантин ўташ муддати 14 кундан 7 кунгача қисқартирилди.