1 февралдан бирламчи тиббиёт муассасаларида ортиқча қоғозбозликка чек қўйилиб, янги тартибда иш юритилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи қабул қилинган, дея хабар бермоқда ССВ.

Аввалроқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт муассасалари шифокор ва ҳамширалари 26 турдаги журнал ва 33 турдаги ҳисобот шакллари, қолаверса, беморлар учун ўнлаб турдаги бланкларни тўлдиришга мажбур бўлаётганини маълум қилганди.

Вазирлик томонидан тузилган ишчи гуруҳ бу борадаги вазиятни чуқур ўрганиб, мавжуд 26 турдаги журнал ҳамда 33 турдаги ҳисобот шаклларидан бир қисмини «амалиётда кераксиз» деб топган.

Вазирнинг буйруғига кўра, шу йил февраль ойидан бошлаб кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктларида юритиладиган 26 турдаги тиббий ҳисоб журналларидан 14 таси қолдирилади.

Қолган 14 тасидан 10 таси соддалаштирилган. 33 турдаги тиббий карта ва бланкалар эса 14 тагача қисқартирилган. Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланмаган тиббий ҳисоб ҳужжат шаклларидан фойдаланиш қатъиян ман этилгани маълум қилинди.

«Энди шифокор ва ҳамширалар асосий вақтини ортиқча қоғозбозлик, яъни, ҳисоботу ҳужжатлар тўлдиришга эмас, балки бош вазифаси бўлган беморларни даволашга йўналтиради», — дейилади хабарда.