Бу ҳафта давомида Ўзбекистон бўйича об-ҳавонинг кескин ўзгариши кутилмайди, деб ҳабар бермоқда Ўзгидромет.

Бугун, 31 январь ва 1−4 февраль кунларида республика ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 2 февралда жанубий ҳудудларда бироз ёмғир ёғиши мумкин.

Бу вақт давомида кучсиз шамол эсади, кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши кузатилади.

Кечалари ҳарорат 0…+5 даража атрофида, баъзи жойларда −2 даражада бўлади. Шимолий ҳудудларда ҳафта бошида −4 даражагача совуқ тушиши мумкин.

Душанбадан пайшанбагача кундуз кунлари ҳаво ҳарорати +5…+10 даражагача илийди. Баъзи жойларда бу +12 градусгача бориши мумкин.

«Жума куни ер босимининг кескин пасайиши бошланади ва ҳарорат +11…+14 даражагача, жанубда +15…+17 даражагача кўтарилади», — дейилади хабарда.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда.