«Ҳудудгазтаъминот» АЖ пойтахтимизда ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида газ таъминоти босқичма-босқич тикланаётганлиги тўғрисида хабар берди.

Шу муносабат билан «Ҳудудгазтаъминот» АЖ фуқаролардан уйлар ва хонадонлар ичидаги газ ускуналарини, хусусан газ плиталарини, иситиш ва сув иситгич асбобларини ҳамда дудбуронларни пухта текширишни сўрайди.

«Эслатиб ўтамиз, маиший уй ёритгичлари ва бошқа электр жиҳозларини ёқишдан олдин хонага кириб, унинг ичида газ ҳиди (бошқа бегона ҳидлар) йўқлигига ишонч ҳосил қилишингиз ва фақат шундан кейингина электр энергиясидан фойдаланишингиз керак», — дейилади хабарда.

Кўп қаватли турар жой биноларида замонавий электр асбоблари ва икки контурли қозонлардан фойдаланишда хавфсизлик техникасига амал қилиш зарур. Агар иситиш қозони ертўлада жойлашган бўлса, у соз аҳволда эканлигига ишонч ҳосил қилиш керак.

«Ҳудудгазтаъминот» фуқаролардан иситиш мосламаларидан фойдаланишда ўта эҳтиётор бўлишни ва «зангори» ёнилғидан оқилона, «исроф қилмай фойдаланишни» илтимос қилди.

Ҳисобга олиш асбоби (ҳисоблагич) ўчиб қолган тақдирда, барча газ ишлатадиган ускуналарни ўчириб қўйиш, сўнг марказий кўк рангли ENTER тугмасини уч марта босиб, 6 дақиқа кутиб туриш керак.

Газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун кечаю кундуз ишлайдиган call-марказига (1104), авария-диспетчерлик хизматига (104) ҳамда Facebook`даги «Газ таъминоти муаммолари ва уларни ҳал қилиш ёллари» жамоат гуруҳига мурожаат қилиш мумкин.