Ўзбекистон тарихида илк маротаба халқаро молия бозорларида миллий валютада 2 триллион сўм ҳажмида суверен облигациялар жойлаштирди. Бу ҳақда Тимур Ишметов ўз Twitter аккаунти орқали хабар берди.

Молия вазирлиги матбуот хизматининг маълумотига кўра, олдинроқ қатор йирик халқаро инвесторлар томонидан республиканинг макроиқтисодий истиқболлари ва тизимли ислоҳотлари юзасидан ижобий хулоса берилган, ҳамда нафақат долларда, балки ўзбек сўмида ҳам деноминация қилинган суверен халқаро облигацияларнинг чиқарилишига ҳам қизиқиш билдирилган.

Бу нимани англатади?

Халқаро облигацияларнинг миллий валютада чиқарилиши валюта хатарларини камайтиришга хизмат қилиш билан бирга келажакда ички молия бозорига, жумладан давлат ғазначилик облигациялари бозорига халқаро инвесторларни жалб қилиш учун замин яратади.

Инвесторлар таклифларига биноан 750 млн АҚШ доллари миқдоридаги суверен халқаро облигацияларни 2 траншда — 10 йиллик муддат билан АҚШ долларида ва 3 йиллик муддат билан ўзбек сўмида — чиқариш ва Лондон фонд биржасида жойлаштириш бўйича бошланғич фоиз ставкалар, мос равишда, 4.25% атрофида ва 15.25% атрофида белгиланди.

Молия вазирлигининг хабар беришича, буюртмалар жойлаштирилгандан кейин, уларнинг ҳажми икки соат ичида доллар ва сўмдаги облигациялар учун мос равишда, 1,6 млрд доллар ва 1,9 трлн сўмни ташкил этди.

Шаклланган буюртмалар ҳажми ва молиявий консультант-андеррайтерларнинг таҳлилларидан келиб чиқиб, Лондон вақти билан соат 13:00да доллар ва сўмдаги облигациялар учун фоиз ставкалари, мос равишда, 3,875% ва 14,75% га туширилди.

АҚШ бозорлари очилгач, буюртмалар ҳажми ошишда давом этиб, мос равишда, 3,8 млрд доллар ва 5 трлн сўм максимал қийматга етиб борди ҳамда фоиз ставкаларини яна тушириш учун имконият яратди.

Савдо якунлари бўйича, халқаро облигацияларнинг ҳажми ва фоиз ставкалари қуйидагича белгиланди:

  • 10 йиллик АҚШ доллари транши: 555 млн доллар 3,70% купон билан (дастлабки фоиз ставкадан 0,55% паст);
  • 3 йиллик ўзбек сўми транши: 2 трлн сўм 14,50% купон билан (дастлабки фоиз ставкадан 0,75% паст).

Хабар тўлдирилди: 10:43, 20.11.2020