Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов 21 январь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманидан сўнг, уни кутиб турган география ўқитувчилари билан учрашганини маълум қилди.

«Брифингдан чиқсам, Навоий 30 кираверишида бир гуруҳ география фани устозлари мени кутиб туришган экан. 3−5 йиллик иш тажрибасига эга, аксари ёш йигитлар. Бировлари узоқ вилоятдан келишибди. Кимдир уларга сизларга киришни тақиқлашди, дебди. Эшитиб бир оз хижолат бўлдим, ғашландим», — деди у.

Шуҳрат Сатторов устозларни олиб, Республика таълим марказига боргани ва у ерда «география фани билан боғлиқ ўзгариш ва муаммоларни очиқчасига гаплашганини» қайд этди.

«Улар фан тақдиридан хавотирда эканликларини билдиришди. Мен эса биргаликда жамоа бўлиб фаннинг жозибадорлигини ошириш йўлида бизнинг экспертларимиз бўлишни таклиф қилдим. Уларни қийнаётган масалаларни биргалашиб ҳал қиладиган бўлдик», — дея сўзлаб берди у.

«География фанидаги мавзулар сони Миллий ўқув дастурида аввалгисига қараганда 96 тага кўпайган, — дея таъкидлади марказ раҳбари. — Дастурда энди географияга оид жами 387 та мавзу ўқитилади. Биз бу фанни йўқ қилмоқчи эмасмиз. Аммо муаммонинг илдизи бошқа ерда. Қачонлардир мактаб таълими учун фанлар соатлари тақсимланганида, „пирог“ тахминлар ва ички сезги асосида бўлинган. Бунда на бир тадқиқот ёки тажрибага асосланилган эмас».

Унинг сўзларига кўра, йиллар давомида турли идора ва қарорлар аралашуви билан керак-керакмас фанлар «туғила бошлаган».

«Фанлар кўпайди, такрор ва нафсиз мавзулар кўпайди. Бундан айримлар манфаатдор ҳам бўлишган. „Очко тўплаш“, ҳужжатларни „ёпиш“ ортидан мактаб билан бирга, бутун бошли уч авлод қурбон бўлаётгани ҳеч кимни қизиқтирмаган. Устига-устак эскича методика, 50 йиллик ёндашув ва контент янги авлод учун бамисоли жазо эди», — дея фикр билдирди Шуҳрат Сатторов.

Унинг сўзларига кўра, «мактаб тобора зерикарли маконга айланиб, болалар ундан том маънода зерика бошлашган эди». Аммо азбаройи диплом орзуси улар далил ва рақамларни ёд олишар, ҳаётда эса ўрганганларини ишлатишмайди.

Қайд этилишича, ана шундай бир пайтда Халқ таълими вазирлиги олдига Шавкат Мирзиёев жозибадор таълимни яратиш, дастур, дарсликлар ва методикани янгилаш вазифасини қўйди.

«Олдимизда стандартларни янгилаш, дастур мавзуларини замонавийлаштириш ва тартиблаш, фанларни ва 11 йиллик ўқув юкламасини камайтириш вазифаси қўйилди. Мақсад йўлида деярли ярим минг нафар инсон жипслашди. Уларнинг аксарияти ўқитувчилар — энг яхши, энг фидойилари», — дейди Республика таълим маркази директори.

Таъкидланишича, жаҳоннинг энг яхши тажрибалари асосида таълим дастурлари ва дарсликлар тайёрланмоқда.

Унинг сўзларига қараганда, «ўзгаришлар эҳтимол ҳозир сезилмаётгандир, аммо таълимда бу учун камида 5−6 йил керак». Мавзулар тартибланганда ва таҳрирланганда, айрим фан соатларида ҳам ўзгаришлар бўлди.

«Соат — ўқитувчиларнинг нозик нуқтаси. Чунки унинг ризқ-рўзи соатда, уйининг баракаси соатда, — деди Шуҳрат Сатторов. — Саноқли давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам ўқитувчиларга дарс соатига қараб ойлик тўлайди. Йиллар давомида соатлар кетидан, рақамлар кетидан чопдик, сифат ўз ҳолича ташлаб қўйилди. Бугун англаяпманки, ўқитувчилар ойлиги соат билан боғланар экан, ўзбекистонлик ўқувчиларни кераксиз фанлардан, оғир ўқув юкламасидан халос қила олмаймиз».

У шунингдек, ўзининг ҳаётидаги энг катта муваффақияти — «фидойи, билимдон устозларга дуч келгани» эканлигини қайд этди.

«Мактаб жозибадор бўлиши учун ўқувчиларга ҳаётдан хурсанд устозлар керак. Айнан улар фарзандларимизда бахтлилик ҳиссини, эртанги кунга ишончни уйғота олишади», — деди у.

Республика таълим маркази директори ислоҳотларни нотўғри талқин қилаётганларга ҳам мурожаат қилди.

«Бугун биз ўзгаришлар қилаётган мактабларда ўзимизнинг ҳам фарзандларимиз ўқийди. Шу сабабли ҳар қандай қарор ортида шахсий ҳушёрлик ҳам туради. Бугунги ўзгаришлар ўқувчиларимизга кечагидан юз чандон фойдали эканига ишончим тўлиқ комил. Фарзандингиз сиз каби ҳаётдан хафа, омадсиз бўлиб улғайишини истамасангиз, бизга сиз ўқиган зерикарли ва фойдасиз таълимни ўзгартиришга ёрдам беринг. Ҳеч бўлмаса, халақит қилманг!», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Халқ таълими вазирлиги мактабларда юқори синфлар учун география фани соатлари қисқариши ортидан ижтимоий тармоқларда тарқалган фан ўқитувчиларининг эътирозларига муносабат билдирди.

6-синфда ҳар бири ҳафталик 2 соатдан ўтиладиган география, биология ва физика фанлари ўрнига ягона 3 соатлик «Табиий фанлар» фани киритилган. Қисқараётган 3 соат эса «Табиий фанлар» доирасида 2-, 3-, 4-синфларга қўшиб берилган. Вазирлик географияга оид мавзулар 96 тага кўпайганини ҳам қўшимча қилди.