Ижтимоий тармоқларда бир қанча география фани ўқитувчилари мактабларда география фани соатлари қисқартирилаётгани ҳақида ўз эътирозини билдираётган эди. Уларнинг сўзларига кўра, бунинг оқибатида иш ўринлари ҳам қисқартириши ёки география ўқитувчиларининг ойлиги камайиб кетиши мумкин.

Халқ таълими вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдириб, 1−6-синфларда ягона «Табиий фанлар» (Science) фани жорий қилиниши сабабли 6-синфда ўтиладиган география, биология ва физика фанлари ўрнига ягона, ҳафтасига 3 соатлик «Табиий фанлар» киритилгани маълум қилинди.

«Табиий фанлар» ҳақида

ХТВнинг келтиришича, миллий ўқув дастурига кўра, 2022−2023-ўқув йилидан бошлаб, 1−6-синфларда ягона «Табиий фанлар» фани жорий қилиниши белгиланган. Бу янги фан география, биология, физика, кимё ҳамда астрономия фанлари бўйича ўқувчиларнинг дастлабки кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.

Эндиликда бу фанларга оид билим ва кўникмалар ўқувчиларда 1-синфдан бошлаб шакллантирилади. Миллий ўқув дастури доирасида ўқувчиларда «Табиий фанлар» фани орқали шаклланиши лозим бўлган билим ва кўникмалар ҳар бир синф кесимида белгиланди, — дейилади хабарда.

Бу билан ўқувчилар бошланғич синфларда етарли кўникма ва малакага эга бўлишлари учун халқаро тажрибадан келиб чиқиб, янги фанга ажратилган дарс соатларини бошланғич синфларда кўпайтиришга эҳтиёж туғилган.

Шу муносабат билан, 6-синфда ҳар бири ҳафталик 2 соатдан ўтиладиган (жами 6 соатлик) география, биология ва физика фанлари ўрнига ягона, ҳафтасига 3 соатлик «Табиий фанлар» киритилди. Яъни, эндиликда ушбу фанлар бўйича ўтиладиган дарс соатининг ярми янги фан таркибига ўтказилмоқда.

Ўз навбатида, қолган ҳафталик 3 соат «Табиий фанлар» доирасида 2-, 3-, 4-синфларга ўтказилди. Яъни, бу синфларга ҳафтасига 1 соатдан, жами 3 соат қўшиб берилган.

География фани нима бўлади?

Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, мактабда «география фанидан берилиши зарур бўлган билим ҳажми ва унга умумий режада ажратилган соатлар ҳажми қисқаргани йўқ».

Бошқа фанлар қатори география фанига оид мавзулар «Табиий фанлар»га сингдирилган.

Аксинча, «дастурда география фанига оид мавзулар 291 та мавзудан 387 та мавзуга, яъни 96 та мавзуга кўпайган». Шу нуқтаи назардан, ижтимоий тармоқларда география фани йўқолиш хавфи остидаги хулосалар, асоссиз, дейилган вазирлик хабарида.

Бу борада жаҳон тажрибасида қандай?

Қайд этилишича, «Табиий фанлар» жаҳондаги аксарият ривожланган давлатларда ўқитилади. Хусусан, Буюк Британия тажрибаси ўрганилганида, табиий фанлар 1−6-синфларда интеграция қилинган ҳолда, ягона фан сифатида ўқитилади.

«Табиий фанларнинг қуйи синфларда қўшиб ўқитилиши ўқувчига оламни бир бутун тасаввур қилиш, фанларга оид мавзулар кесимида лойиҳа ишларини амалга ошириб, тадқиқотчилик кўникмаларини ривожлантириш, ўқувчиларнинг фаоллигини ошириш, танқидий фикрлаш қобилиятларини яхшилаш, уларни ижодкорликка йўналтиришга хизмат қилади», — дейилади

Бу каби ўзгаришлар иқтисодиёт соҳаларига халқаро андозалар асосида меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаши билан ўқувчилар учун манфаатли экани айтилмоқда.

Янги фан киритилиши ўқитувчиларга қандай имконият яратади?

Таъкидланишича, миллий ўқув дастурида айнан География фани ҳафталик 8 соат дарс ўтишлиши белгиланган.

«Табиий фанлар» йўналиши бўйича қисқа муддатли қайта тайёрлов курсини муваффақиятли тамомлаган география фани ўқитувчиларида 11 соат дарс бериш имконияти пайдо бўлади. Бу олқали амалдаги ҳафталик 10 соат ўрнига, 11 соат дарс бериш мумкинлиги айтилмоқда.

Шунингдек, вазирлик дастурни халқаро талаблар асосида замонавийлаштириш бўйича ўқувчиларда иқтисодий билимларни янада ошириш мақсадида қўшимча соат ажратиш бўйича имкониятларни ўрганаётганини маълум қилди.

«Мазкур йўналишда қўшимча дарс жорий қилинса, бу ҳам география ўқитувчилари учун қўшимча имконият бўлади», дейилади вазирлик баёнотида.