Ўзбекистон Марказий банки номинал қиймати 1000 сўм бўлган янги купюрани муомалага чиқаришни режалаштираётгани йўқ. Бу ҳақда 20 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди.

2021 йилда регулятор томонидан 2000 ва 20000 сўмлик банкноталар муомалага чиқарилди, шунингдек, 5000, 10000, 50000 ва 100000 сўмлик банкноталар дизайни янгиланди. Бироқ МБ 1000 сўмлик купюрани янгиламоқчи эмас.

«Биз 1000 сўмлик купюраларни қайта муомалага чиқариш ниятимиз йўқ. Биз 1000 сўмлик танга чиқаришни [режалаштирмоқдамиз]. Афсуски, тангалардан фойдаланиш ҳаётимиздан чиқиб кетди. Биз 50, 100, 200, 500 сўмлик тангаларни чиқардик… 1000 сўмлик купюраларни тангаларга алмаштирмоқчимиз», — деди у.

Мамаризо Нурмуратовнинг маълум қилишича, 500 сўмлик тангалар, шунингдек, 1000 ва 2000 сўмлик купюралар энг кўп қўлланиладиган банкноталар ҳисобланади.

«Шунинг учун 1000 сўмни тангага айлантирадиган бўлсак, бу, бир томондан, ушбу банкнотнинг муомаласини ташкил этиш харажатларини камайтиради, бошқа томондан, улардан фойдаланишда қулайлик яратмоқчимиз», — деди у.

Регулятор маълумотларига кўра, 2021 йилда муомаладаги нақд пуллар таркибида катта номиналга эга бўлган банкноталар улуши ортиши ҳисобига банкнотларнинг умумий сони сезиларли даражада камайган. Хусусан, 2021 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар таркибида 100 минг сўмлик банкнотларнинг улуши 27,3 фоиздан 34,8 фоизга етган бўлса, 50 минг сўмлик банкнотларнинг улуши 38,8 фоиздан 34,2 фоизга, 10 минг сўмлик — 15,7 фоиздан 14,5 фоизгача, 5 минг сўмлик — 16,1 фоиздан 12,7 фоизгача, 1000 сўмлик — 2,1 фоиздан 1,4 фоизгача камайган.

Аввалроқ Марказий банк 2024 йилда 200 минг сўмлик банкнотларни муомалага чиқаришни режалаштираётгани ҳақида ёзган эдик.