Ўзбекистон бўйлаб ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Бу президентнинг 19 январдаги «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида қайд этилган.

Етакчи ёшлари тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш, улар фаолиятига кредит, субсидия ва бошқа ёрдам чораларини жалб қилишда ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорлик қилади.

Ҳужжат билан ёшлар етакчисининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • «Ёшлар баланси»ни шакллантириш, ёшлар тўғрисидаги зарур маълумотларни «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар портали» электрон платформаларига киритиб бориш, улар билан самарали иш ташкил қилиш;
  • маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий халқ ўйинлари ва спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, Беш муҳим ташаббус лойиҳалари, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш;
  • ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш;
  • ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг интеллектуал жиҳатдан камол топишини ва маънавий ривожланишини таъминлаш;
  • ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан тизимли ишлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келган ёшларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмаклашиш.

Етакчининг ойлик иш ҳақи миқдори у бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланади:

  • хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 баравари (4,1 млн сўм) миқдорида;
  • хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада — МҲТЭКМнинг 5,5 баравари (4,5 млн сўм) миқдорида;
  • хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада — МҲТЭКМнинг 6 баравари (4,9 млн сўм) миқдорида.

Ёшлар ишлари агентлигига фаолият самарадорлиги кўрсаткичларидан келиб чиқиб, Етакчиларни ҳар чорак якуни бўйича ойлик иш ҳақининг 50 фоизигача миқдорда мукофотлаш ҳуқуқи берилади.

Қарорда қайд этилишича, ҳар чоракда маҳаллада ёшлар сиёсатини самарали амалга оширишда юқори натижадорликка эришаётган мамлакат бўйича энг илғор 100 нафар етакчилари бир ойлик иш ҳақига тенг миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

Бундан ташқари, фаолиятини самарали ташкил этаётган, ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлаётган ва уларга етакчилик қилаётган Етакчилар «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишони билан тақдирланади.

Ҳужжатга кўра, етакчиларнинг ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг маҳалла ва таълим муассасаларида ёшлар билан ишлаш бўлинмалари ходимларининг штат бирликлари умумий ўрта таълим мактабларидаги 10 008 нафар ёшлар етакчиси штат бирликларини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади.

Етакчи лавозимига ишга қабул қилинган шахсларнинг ҳарбий ва махсус унвонлари сақлаб қолинади, Етакчи лавозимидаги иш стажи навбатдаги ҳарбий ва махсус унвонлар олишда ҳисобга олинади, шунингдек, уларга олдинги иш жойига қайтганида қонунчиликда белгиланган барча имтиёзлар татбиқ этилади.

Шу билар бирга, етакчи учун БҲМнинг икки бараваригача (540 минг сўм) бўлган миқдорда турар жой ижара тўлови қоплаб берилади.

Эслатиб ўтамиз, 1 январь ҳолатига Ўзбекистон бўйича 9311 та маҳалла мавжуд.

Аввалроқ, «Газета.uz» 10 январдан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб 9300 нафардан ортиқ ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда ўз фаолиятини бошлагани ҳақида ёзганди.