10 январдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча маҳаллаларида ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятини бошлайди. Улар маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари билан шуғулланишади. Бу ҳақда ҳар бир вилоят ҳокими ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарори қабул қилинди.

«Газета.uz»нинг аниқлашича, Ўзбекистон бўйлаб жами 9311 нафар ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда ўз фаолиятини бошлади.

Энг кўп ҳоким ёрдамчилари Самарқанд (1120), Фарғона (1055) ва Тошкент вилоятларида (1014) тайинланган. Сирдарё (236), Жиззах (299) ва Навоий вилоятларида (330) эса бошқа ҳудудларга нисбатан камроқ ҳоким ёрдамчилари иш бошлаган.

Ҳоким ёрдамчилари униформаси учун 855 млн сўм ажратилган Андижон вилоятида эса 887 нафар ҳоким ёрдамчилари тайинланган.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятида 796 нафар, Наманган вилоятида 780 нафар, Сурхондарё вилоятида 721 нафар, Тошкент шаҳрида 579 нафар, Бухоро вилоятида 544 нафар, Хоразм вилоятида 526 нафар ва Қорақалпоғистон Республикасида 424 нафар ҳоким ёрдамчилари тайинланган.

Маълумот учун, ҳоким ёрдамчилари 1 йилга туманга хизмат сафарига юборилади ва иш жойи, ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади. Ўзини яхши кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари мукофотланади, йил натижалари бўйича эса «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишонига тавсия қилинади. Уларга ипотека асосида квартира олишда 50 фоизгача субсидия ажратилади.

Ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сони 500 тагача бўлса — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (МҲТЭКМ) 6 баравари (4 млн 932 минг сўм), 501 тадан 1000 тагача бўлса МҲТЭКМнинг 6,5 баравари (5 млн 343 минг сўм), 1 000 тадан ортиқ бўлса — МҲТЭКМнинг 7 баравари (5 млн 754 минг сўм) миқдорида белгиланади. Ҳоким ёрдамчилари ойлиги номзоднинг ушбу лавозимга ишга қабул қилингунга қадар аввалги иш жойидаги маошидан кам бўлса, етишмаган қисми ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан компенсация қилиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 21 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев сайловолди тарғиботи давомида «ҳоким ёрдамчиси» лавозимини жорий этиш таклифини билдирган эди.

Ноябрь бошида республиканинг барча маҳаллаларида ҳоким ёрдамчилари лавозимлари жорий этилаётгани ва бунга президент топшириғида айтилганидек ёшлар орасидан эмас, балки ҳудудларда тажрибага эга молия-иқтисодиёт сектори ходимлари мажбуран тайинланаётгани ҳақида ёзган эдик.

Ноябрнинг ўрталарида адлия вазири Русланбек Давлетов маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозимига мажбурий тайинловларни «ноқонуний», дея атаганди. «Ҳеч кимни мажбур қилишга ҳаққи йўқ… Тазйиқлар бўладиган бўлса мурожаат қилиши мумкин», — деганди у. Вазир шунингдек, касбни эркин танлаш конституциявий ҳуқуқ эканлигини эслатиб ўтган.