Айни вақтда Шавкат Мирзиёев раислигида давлат мулки объектларини хусусийлаштириш борасида 2022 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, давлат раҳбари давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар суръати қониқарсиз эканини таъкидлаган.

Жорий йилда давлат активларини хусусийлаштиришдан тушиши прогноз қилинаётган маблағлар кўрсаткичи жуда камлиги, тармоқ ва ҳудудларда ҳанузгача 2 мингта самарасиз ишлатилаётган давлат мулки объектлари мавжудлиги кескин танқид қилинди.

Вилоят ҳокимликлари балансида ҳам йиллар давомида 170 га яқин бўш объектлар сотилмасдан турибди.

«Шунинг учун Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрмановга хусусийлаштириш ишларини суст ташкил этгани учун ҳайфсан эълон қилинди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бошқарма бошлиқларини ишдан олиш, трансформация ва хусусийлаштириш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун «Ўзагросервис» жамияти раиси Р.Хайитовга ҳайфсан эълон қилишга кўрсатма берилди.