Қонунчилик палатаси депутатлари нархларни барқарорлаштириш мақсадида бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларига қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар муддатини узайтиришни назарда тутувчи Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Хусусан, гўшт (мол, қўзи, товуқ гўшти), ўсимлик ёғи, тирик кўринишдаги чорва моллари ва парранда ҳамда уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотлар, шунингдек уларни сотиш айланмаси учун ҚҚСнинг нол ставкасини 2022 йил 30 апрелгача узайтириш кўзда тутилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистонга 27,6 минг тонна гўшт импорт қилинган, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 8,4 минг (+43,7 фоиз) кўпдир. Барча импортнинг 82 фоизи Беларусь (18,7 минг тонна) ва Қозоғистон (4,2 минг тонна) га тўғри келади.

Jizzax Organic қишлоқ хўжалиги кластери Кузатув кенгаши аъзоси Сергей Щуров ва Promeat гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компанияси директори Иззат Муталов «Газета.uz» билан суҳбатда импортга ҚҚС бўйича имтиёзлар жорий этилиши уларнинг фаолиятига қандай таъсир қилгани, улар қандай хавфларни кўраётгани, маҳаллий саноат ишлаб чиқариши ва нархларнинг ошишига йўл қўймаслик учун қандай муқобил ечим таклиф этишлари ҳақида гапирди.

Jizzax Organic

Capital Practice (Россия) шериги, Jizzax Organic қишлоқ хўжалиги кластери ҳамда Saxovat паррандачилик хўжалиги кузатув кенгаши аъзоси Сергей Щуров.

ҚҚС бўйича имтиёзларни узайтириш эҳтимоли ҳақда

Шубҳасиз, бу энг топ янгилик, гарчи аллачондан буён кутилатган бўлса ҳам.

Мен имтиёзларга қарши эмасман: ҳақиқатан ҳам, нархлар ошишига қарши нимадир қилиш керак.

Муаммо фақат нархларнинг реал даромадлардан тезроқ ўсишида (бу ижтимоий кескинликка таҳдид солади) эмас, балки бу ўз-ўзидан такрорланадиган спиралга айланиб бормоқда. Нархларнинг жиддий ўсишини кўрган одамлар бундан кейин ҳам ёмонроқ бўлади, деб тахмин қилишади. Инфляцион кутишларнинг ўзи эса талабнинг ошишига ҳамда нархларни янада кўтарадиган сотувчилар ва ишлаб чиқарувчиларнинг мос хатти-ҳаракатларига олиб келади.

Ҳукумат олдида мураккаб вазифа турибди ва инфляция даражасининг аввал қилинган прогнозлардан ошиб кетмаслигига ҳаракат қилмоқда. Ва бу чақириқлар нафақат давлат учун. Ҳамма нарсанинг жаҳон нархлари ошиб бормоқда, лекин бизда бу жараён тезроқ кетмоқда. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳукумати мақсадли субсидиялар, экспорт-импорт квоталари ва божларини тартибга солиш орқали инфляцияга таъсир қилишнинг муқобил усулларини изламоқда.

Бироқ ҳар қандай ташаббус ҳам аниқ афзалликларга, ҳам, шубҳасиз, хатарларга эга.

Ижтимоий манфаатлар: ҚҚС имтиёзлари нархларнинг ошишига қарши курашмоқда

Фото: Jizzax Organic

Ўзбекистон аҳолисининг реал даромадлари баланд эмас. Бу озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол саватчасида салмоқли улушни эгаллашига олиб келади. Шундай тушунча бор — субститутлар — ўриндош товарлар. Бунда бирор гуруҳдаги муайян маҳсулот нархининг ошиши баҳоси пастроқ бўлган бошқа маҳсулот истеъмолининг ошишига сабаб бўлади. Бироқ яқинда озиқ-овқат маҳсулотларининг бутун линияси қимматлашди. Натижада, истеъмолчи талабни арзонроқ позицияларга ўтказа олмайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҚҚСдан озод қилиш озиқ-овқат бозори барқарорлигини таъминлаш, товарлар нархи ошишининг олдини олишга хизмат қилади.

Рақамларга қараш мумкин. Сабзавотлар, мевалар ва ҳар қандай қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари фоизларда гўшт маҳсулотларига қараганда анча қимматлашган. Аммо гўшт қимматроқ товардир, шунинг учун бу ердаги қўшимча 10−15 фоизлик харажат кучлироқ сезилади.

Энг зарур маҳсулотлар нархининг кескин ошишига қарши кураш фавқулодда чора-тадбирларни талаб қилади. ҚҚСдан озод қилиш ушбу вазифани бажаради. Бунинг учун, биринчи навбатда солиқлар тушуми камайиши оқибатида давлат бюджети тўлайди (10 октябрдан 31 декабргача бюджетга 75,2 млрд сўм келиб тушмади).

Ижтимоий манфаатлар: гўшт сифати азият чекади

Иккинчи масала — Ўзбекистон бозорига қандай сифатли гўшт етказиб берилмоқда ва сифатсиз маҳсулот истеъмолчига етиб бормаслиги учун зарур бўлган инфратузилма мавжудми? Нарх устувор бўлганда, тадбиркорлар энг арзон гўштни топишни ўз олдига мақсад қилиб қўядилар. Бундай ҳолда, истеъмолчи йўқотади.

Дастлаб, импорт, бу — музлатилган гўшт бўлиб, у совутилган гўштдан сифат жиҳатидан пастда туради.

Кейин эса жавобсиз қолган кўплаб саволлар бор: ҳайвонларнинг ёши, улар нима билан озиқланган, гўшт қандай музлатилган, қанча вақт музлатилган, маҳсулотда антибиотиклар, касалликлар ва зарарли моддалар борми? Такрор айтаман, агар нарх устувор бўлса, тадбиркорлар ва харидорлар бундай саволларни беришмайди ҳам.

ҚҚСдан озод қилишнинг оқибатлари: маҳаллий гўшт ишлаб чиқарувчилар учун бу — «ўлим»нинг бошланиши

Импорт божлари ва ҚҚСнинг вақтинча нолга туширилиши ўз номини қадоқда ёзиб қўйган маҳаллий ишлаб чиқарувчи учун хавфли.

Гўшт маҳсулотларини етказиб берувчиларнинг уч тоифаси мавжуд:

  1. фермерлар;
  2. импорт қилувчилар;
  3. маҳаллий саноат ишлаб чиқариш.

Чакана савдода гўшт нархи сезиларли даражада пасаймаганига қараганда, «ишлаб чиқарувчи-импортёр-ритейлер» занжирида маржа ўсиши кузатилмоқда.

Вазиятга экспортёр нуқтаи назаридан қарасангиз, унинг позицияси янада фойдали бўлди. У ўз давлатидан қўшилган ҚҚСни қайтариб олади, бундан ташқари, энди унинг гўшти нархи Ўзбекистон ҚҚСнинг 15 фоизига оширилмайди. Яъни, маҳсулот бозорга маҳаллий ишлаб чиқарувчидан кўра қулайроқ шартларда киради.

Фермерлар учун ҳеч нарса ўзгармади. Қонун жорий этилишидан олдин бозорда гўшт сотиб олаётганда чекда «15% ҚҚС билан» қаторини кўрган бўлишингиз даргумон. Кўпроқ айтаман — сизга чек берилган бўлиши даргумон.

Маҳаллий саноат ишлаб чиқарувчилари учун гўштни сотиш бўйича айланманинг ҚҚСдан озод қилиниши «ўлим»нинг бошланиши ҳисобланади.

Биринчидан, қадоққа ўз номингизни қўйганингизда, сиз қадоқлашнинг ўзи ва маҳсулот сифатини кафолатлайдиган жараёнлар: етиштириш, ветеринария хизмати, санитария, сўйиш, музлатгичда сақлаш, жўнатиш ва ҳоказо учун қўшимча харажатларга дуч келасиз.

Энди гўшт ишлаб чиқарувчисини ҳеч ким танимайдиган, ишлаб чиқарувчининг ўзи эса ўз маҳсулотини бир марталик ва номсиз харидорга, ҳатто бошқа давлатдан ҳам сотадиган занжирни тасаввур қилинг. Бу ерда сифат муҳим эмас, нарх пастроқ, лекин бу чегирма истеъмолчининг соғлиғига бевосита таъсир қиладиган чегирмадир. Оддий мантиқий мисол: хориждан келтирилган гўшт бизнинг бозорда қанча сотилаётгани ва ишлаб чиқарилган мамлакатда қанча туради, солиштиринг. Аксарият ҳолларда у ерда қимматроқ бўлади. Савол туғилади: нега маҳсулот ўз бозоридаги талабга эга эмас, балки Ўзбекистонга экспорт қилинмоқда? Кўпинча бу сифат масаласидир.

Фото: Jizzax Organic

Иккинчидан, чорва молларини кўпайтиришда харажатларнинг 80 фоизи ем-ҳашак тўғри келади. Агар ем-ҳашак ва бошқа харажатлар ҚҚСга тортилса, лекин сотиш бўлмаса, бу харажатларни камида 10 фоизга оширади, чунки барча ҚҚС ишлаб чиқариш таннархига киритилган.

Учинчидан, жараёнлар сармоя талаб қилади. Сифат билан биргаликда тилга олинишни хоҳлайдиган ишлаб чиқарувчини тасаввур қилинг. Бунинг учун у ҳайвонларни сақлаш, сўйиш ва қадоқлаш цехларини қуриш, қайта ишлаш ва ташиш учун ускуналар сотиб олиши керак. Айтайлик, минимал нархларда харажат 1 млн АҚШ долларини ташкил этади. Юқоридан сиз бюджетга 150 минг доллар ҚҚС тўлайсиз (биз божхона тўловларини ўтказиб юборамиз) ва бу солиқ ҳеч қандай тарзда қайтарилмайди, чунки гўшт ҚҚСсиз сотилади.

Ишлаб чиқарувчи мол гўштини ўртача 1 кг учун 60 000 сўмдан сотади (нархга камида +30% қўшадиган чакана нархлар билан адаштирмаслик керак). Яъни, ишлаб чиқарувчи 25+ тонна гўшт сотиши керак. Кўрсатилган инвестициялар билан бу — минимал йиллик фойда.

ҚҚС ставкасини нолга тенглаштириш импорт қилинадиган маҳсулотларни анча рақобатбардош қилади, бу эса маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ҳамда озиқ-овқат саноати корхоналарининг сотиш ҳажми ва молиявий кўрсаткичларига таъсир қилади. Мисол учун, колбаса дўконлари ва бошқа корхоналар учун маҳаллий етказиб берувчидан гўшт сотиб олиш учун камроқ рағбат бор, чунки у таннархга киритилган ҚҚСни ўз ичига олади. Агар корхона импорт қилинадиган гўштга ўта олмаса ёки сифати бўйича у мос келмаса, унинг якуний маҳсулоти импорт қилинадиган гўштга нисбатан қимматлашади ва рақобатбардошлиги пасаяди.

Таъкидлаш жоизки, маҳаллий корхоналар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга сармоя киритиб, давлатнинг мавжуд божхона-тариф сиёсатини ҳисобга олган ҳолда стратегик режаларга эга эди. Асосий кўрсаткичлардаги сезиларли ўзгаришлар (даромад, EBITDA, соф фойда, рентабеллик, ROE ва бошқалар) эса бир неча ойдан кейин пайқалишига қарамай, ҳозирданоқ ушбу бизнесга қизиқишнинг пасайиши, кўплаб маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг банкрот бўлишига олиб келишини олдиндан айтиш қийин эмас.

Бу чора бозор муҳитини жиддий ўзгартиради ва бу ўзгариш Ўзбекистон бозорида хавфсиз гўшт фойдасига бўлмайди.

Рағбатлантиришнинг жорий этилиши нархлар ва фаолиятга қандай таъсир қилди?

Фаолиятимиз қийинроқ, аммо қизиқарлироқ бўлди. Jizzax Organic янги муаммоларга дуч келмоқда.

Бир томондан, биз дўконларда охирги истеъмолчидан биринчи бўлиб салбий фикрларни оламиз: «Нега бунчалик қиммат?!» Ходимлар имкон қадар сабр-тоқатни намоён этади, одамларга гапиришга имкон беради ва кейин сабабини тушунтиради.

Бошқа томондан, йил давомида таннархнинг ҳисоб-китобига киритилган харажатлар деярли 2 баробар ошди. Бу:

  1. ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари;
  2. ем-ҳашак;
  3. Харажатлардаги ҚҚС;
  4. маҳсулотни бозорга олиб чиқиш харажатлари.

Авваллари бошқа гўшт етказиб берувчилар қорамол боқишда устунликка эга бўлган бўлса, энди солиқлар бўйича ҳам улар устунликка эга.

Ёрқин мисол: илгари маҳаллий ишлаб чиқарувчидан гўшт сотиб олган ресторан ёки кафе ўз харажатларини тўланган ҚҚС миқдорига камайтириши мумкин эди. Энди занжир узилди. Яъни, «хорижий ишлаб чиқарувчи — ўзбек ресторани» занжирида ҚҚС гўшт етиштирувчи давлат бюджетига компенсация қилинади, фақат маҳаллий компаниялардан иборат бўлган занжир эса икки марта ҚҚС тўлайди: аввал гўшт ишлаб чиқаришда, кейин тайёр таом сифатида уни сотишда.

Чорва, қўй ва эчкининг хом терисини экспорт қилишнинг чекланиши ҳақиқатан ҳам гўшт таннархига таъсир қиладими? Нима учун ушбу тартиб ҳали ҳам ишлашда давом этмоқда?

Тақиқланиш сабабларини изоҳлай олмайман. Аммо тегишли маҳсулотлар олинадиган даромадлар тўғридан-тўғри гўшт нархига таъсир қилади.

Чорвачилик маҳсулотларига сармоя киритишга қарор қилишда асосий мезонлардан бири соф маҳсулотнинг чиқиши ҳисобланади. Ҳозирда бу кўрсаткич наслчилик гўшт чорвачилигида 55 фоизни ташкил этади. Келинг, соддалаштирамиз: 700 кг оғирликдаги буқадан 385 кг маҳсулот чиқади. Кейин у стейклар, қийма гўштга ва бошқа нарсаларга, шу жумладан терига тақсимланади.

Агар ишлаб чиқарувчи ушбу маҳсулотнинг бир қисмини арзимаган нархларда сотишга ёки ушбу қисмни йўқ қилишга мажбур бўлса, қолган қисмларнинг (биринчи навбатда гўшт) ўртача нархи ошади. Ва агар ишлаб чиқарувчилар субмаҳсулотлар, тери ва ҳатто қонни сотса, бу уларнинг гўшт нархини пасайтиради.

Ҳозир қорамолнинг асосий қисми аҳолининг қўлида. Чорвадорларга саноат гўшт ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга нима тўсқинлик қилмоқда?

Фото: Jizzax Organic.

ҚҚС ва божхона тўловлари харажатга киритилса, маҳаллий чорвачиликни ривожлантиришга ҳеч ким маблағ ажратмайди. Ва кейинги йилларда ҳам инвесторларнинг хотирасида вазият такрорланиши мумкин деган фикрни сақланиб қолади, бу эса шубҳалар янада кўпроқ бўлишини англатади.

Идеал шароитда чорвачилик лойиҳаларини қоплаш муддати йилига тахминан 10% даромадлилик билан тахминан 10 йилни ташкил этади. ҚҚСни ўз маблағлари ҳисобидан тўлаш зарурати ўзини қоплаш муддатини 13−15 йилга оширади ва даромадлилик даражаси йилига 5% гача камаяди. Инвестор учун банк депозитига пул қўйиш ва худди шунча — 5% даромад олиш (лекин хавф-хатарсиз) ёки янада фойдалироқ лойиҳани топишни афзал деб билади. Ҳозир ўзимиз ҳам келажакдаги инвестиция фаолиятининг мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқяпмиз.

Бунга лойиҳанинг узоқ муддатда ўзини оқлашини, жиддий хатарларни (айниқса, ҳайвонлар касалликлари ва мамлакатдаги эпидемиологик вазият билан боғлиқ), малакали ишчи кучининг етишмаслиги, ер ва сув бўйича шаффоф ва ягона қоидаларнинг йўқлигини қўшишимиз мумкин.

Гўшт маҳсулотлари нархи ошишига йўл қўймаслик учун қандай муқобил ечим таклиф қилиш мумкин?

Агар озиқ-овқат ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа бўлса, биз ўз саноат ишлаб чиқаришимизни ривожлантиришимиз керак. Ўзбекистонда бир қатор йирик ишлаб чиқарувчилар пайдо бўлгач, соғлом рақобат юзага келади ва давлат бизнес билан самарали мулоқот олиб боради, нархларни самарали тартибга солади ва ички бозорда гўшт сифатини таъминлайди.

Саноат ривожланиши учун давлатдан пул керак эмас — шароит керак. Маҳаллий тадбиркорларни ер, сув ресурслари, йўллар билан қўллаб-қувватлаш, электр ва газ тармоқларига улаш, энг муҳими, ягона тартиб ўрнатиш зарур. Қонун ҳужжатлари ўзгартириладиган бўлса, барча иштирокчилар учун тенг шароитлар яратилиши керак. Масалан, ҚҚС имтиёзлари нафақат экспортёрларга, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ҳам жорий этилиши лозим.

Иккинчи масала — информацион хабардорлик. Ҳозирда муаммоларга (масалан, санитария) кўз юмиш, шунингдек, маҳсулот сифати каби ноқулай вазиятни ошкор қилмаслик одатий ҳол. Агар пештахтада учта гўшт бўлса, у ҳолда ишлаб чиқарилган мамлакат, ҳайвоннинг хусусиятлари, экспорт қилувчининг номи кўрсатилиши керак. Шунда истеъмолчи нарх нима учун бошқача эканлигини тушунади ва онгли танлов қилади.

Фото: Jizzax Organic

Умуман олганда, импорт божларидан воз кечиш — бугунги куннинг трендидир. Пандемия воқелиги контекстида бу чора жуда ўринли, кўплаб давлатлар (Туркия, Россия) бу йўлга киришди. Россия гўшт импортига божхона тўловларини бекор қилиш ташаббусларини ҳам фаол муҳокама қилмоқда.

Демак, ҳозирги шароитда саноат ишлаб чиқариши учун чиқиш йўлларидан бири қуйидагича: биз, ўзбек ишлаб чиқарувчилари экспортчи сифатида ҚҚС қайтармаларини олишимиз ва тенг шароитларда бўлиш учун маҳсулотимизни ташқи бозорга, бошқа мамлакатлар эса бизнинг бозоримизга жўнатиши мумкин.

ҚҚС бўйича имтиёз маҳаллий саноат ишлаб чиқарувчисини ўлдиради. У ички бозорни сифатли гўшт билан тўлдиришга рағбатини йўқотади, лекин маҳсулотларни экспорт қилиш ва ҚҚС тўловларини қайтариш учун рағбат қозонади.

Умуман олганда, мен юқоридаги барча тадбирларни чин дилдан қўллаб-қувватлайман. Аммо соҳага ишонадиган инвесторларсиз бунга эришиб бўлмайди. Ушбу қонун амалда экан, тадбиркорлар сармоя киритиш ва капитали билан таваккал қилишга киришмайди. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, улар бошқа давлатларга сармоя киритиб, Ўзбекистон бозорига маҳсулот етказиб беришлари мақсадга мувофиқроқ. Мисол учун, Россия ишлаб чиқарувчи-экспортчиси ўз давлатидан барча ҚҚСни ҳисоб рақамига тушириб олади (бу — 20%).

Саноатни тартибга солишга қаратилган у ёки бу чораларни кўраётганда, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини ҳам унутмаслик керак. Сўнгги йиллардаги шоклар давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг мўртлигини кўрсатди. Шундай қилиб, локдаун фонида давлатлар халқаро алоқаларни кескин чекладилар. Ўзбекистон билан ҳамкор давлатларнинг озиқ-овқат нархининг ошишига чек қўйишга уринишлари экспортнинг тақиқланишига олиб келмоқда. Энг сўнгги мисол, яқинда Қозоғистондан мол ва қўзи гўшти экспортига тақиқ жорий қилинган. Бундай шароитда ўз саноат ишлаб чиқарувчиси — давлат доимо ишонч ҳосил қиладиган шерикдир.

Promeat

Promeat гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси директори Иззат Муталов.

ҚҚС бўйича имтиёзларни узайтириш эҳтимоли тўғрисида

Илгари ҳамма тенг асосда тўлаган: ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчилардан тортиб, то чакана сотувчилар ва охирги истеъмолчигача. Энди бутун юк ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчиларга тушмоқда. Бундан келиб чиқадики, энди маҳсулот яратишдаги асосий бўғин, яъни ишлаб чиқарувчилар соғлом мантиқ ва бозор механизмларига зид равишда бутун юкни ўз елкаларига олади. Ишлаб чиқарувчини фақат яхши ниятлар ва ҳамма учун машҳур ечимлар билан қониқтириб бўлмайди, чунки у ходимлар, банклар, инвесторлар, шериклар ва биринчи навбатда ўзи олдида жуда кўп иқтисодий ва маънавий мажбуриятларга эга.

Фермерлар фақат ғоя ҳақида қайғурадиган ёлланма роҳиблар эмас. Фермерчилик — дунёдаги энг ҳалол ва мураккаб бизнес бўлиб, унда кўпинча ўзгарувчан омиллар ҳисобга олинади. Масалан, трактор ва комбайнларимизга қуядиган дизел ёқилғиси нархларини олайлик. Мен, фермер сифатида, энергия бозоридаги жаҳон нархлари ҳолатига таъсир қила олмайман. Ёқилғи нархининг ошиши меҳнатим ва маҳсулотим таннархига таъсир қилиши муқаррар. Келиб чиқадики, барча ишлаб чиқариш ресурслари ва шартларини ҳисобга олсак (биз фақат битта жиҳатни олдик) ва бу ерга ҚҚСни қўшсак, мен йўқотишларни бартараф этишим керак. Қолаверса, яқин тарихимиз шуни кўрсатдики, мавҳум «ҳамма учун яхшилик» учун бирор нарса қилиш паст самарадорлик ва иқтисодий фаровонлик учун катта салбий оқибатларга олиб келади.

Келинг, бошқа бир қиёсий мисолни олайлик. Қозоқ деҳқон бор ва бизники. Чорвачилик ва гўшт етиштиришда қўшни фермеримиз нафақат деҳқончилик учун турли субсидиялар олади, балки Ўзбекистонга экспорт қилишда ҳам барча ҚҚСни она давлати қоплайди. Бизнинг фермеримиз эса ҚҚСли ем-хашак, ёқилғи сотиб олар экан, кўпроқ тўлайди ва якунда мос равшда у ўзининг ерида рақобатбардош эмас. Қозоқ фермери, ҳатто ташишдан кейин ҳам, бизнинг истеъмолчимиз учун маҳаллий фермердан кўра анча жозибалироқ.

Аммо фермерларни энг ажаблантирадиган ва чалғитувчи нарса солиқ имтиёзларини жорий этиш муддатининг аниқ эмаслигидир. Октябрь ойида парламент ва ҳукумат октябрдан декабргача солиқ имтиёзлари шартларини тасдиқлади. 24 декабрь куни эса ҳукумат имтиёзларни энди 2022 йилнинг апрель ойи охиригача узайтиришни таклиф қилаётгани маълум бўлди. Ҳар бир бозор иштирокчиси ва бизнес учун бундай ноаниқлик катта стресс ва хавф ҳисобланади.

Солиқ қонунчилигида 15% ҚҚС ставкасини ўрнатиш бўйича чинакам ижобий инқилобни ҳаммамиз эслаймиз. Бу вақт давомида биз эскирган самарасиз тизим бўйича ишладик ва бундай солиқ ставкасига ўтиш, у тўғри бўлишига қарамай, нафақат бухгалтерия ва молия бўлимлари учун, балки бутун бизнес учун жуда қийин эди, чунки жараёнларни янги қоидалар асосида қайта қуришимиз керак эди. Қоидалар шаффоф ва барқарор бўлиши керак.

Имтиёзларнинг жорий этилиши нархлар ва фаолиятга қандай таъсир қилди?

Фото: Promeat

Компаниямиз на илгари тўланган ҚҚС учун зачёт олиш, на ҚҚСни қайтариш имкониятига эга бўлди. Натижада биз ҚҚСни харажат сифатида таннархга киритиб, самарадорликни пасайтирамиз. Натижада, расталарда гўшт нархи бироз ўзгарди, йирик чакана савдо тармоқлари бундан мустасно, уларда сезиларли даражада арзонлашди. Лекин биз, маҳаллий масъул ишлаб чиқарувчилар сифатида бошимиз узра бизга рентабелли ишлашимизга имкон бермайдиган «шиша шифт»ни ҳис қиляпмиз. Бу салбий оқибатлар ҳақида октябрь ойидаёқ иқтисодчилар, хусусан, Юлий Юсупов огоҳлантирган эди.

Умуман олганда, ҳайратланарли феномен — бизда барча озиқ-овқат нархлари ва бу соҳадаги жараёнлар ритейлга мослаштирилган. Ваҳоланки бизда ритейлда ўйинчилар ва супермаркетлар кўп эмас. Бундан ташқари, ритейл эгаларининг тан олишларича, озиқ-овқат сегментида классик бозорларга нисбатан ритейлнинг улуши бозорларлаги 90−85 фоиз паритетга 10−15 фоизни ташкил қилади. Ритейл қулайлик ва хизмат кўрсатиш туфайли истеъмолчи учун янада рақобатбардош ва жозибадор. Аммо биз номутаносиблик туфайли бозорни ёмон томонга ўзгартирган ҳолда ритейл фойдасига ишлаб чиқарувчиларга камроқ эътибор қаратмаслигимиз керак.

Гўшт маҳсулотлари нархининг ошишига йўл қўймаслик учун қандай муқобил ечим таклиф қилишингиз мумкин?

Деҳқончилик ва чорвачилик, назаримда, мамлакатимиз иқтисодиётининг асосини ташкил этади. Бунга нафақат иқтисодиётимиз тури, қишлоқ ва шаҳар аҳолисининг фоиз нисбати, балки аҳоли ўсишининг юқори суръатлари, фаровонлик ва интеграциянинг минтақавий ва жаҳон миқёсида ўсиб бораётгани ҳам гувоҳлик бермоқда. Бизда юқори сифатли, юқори рентабелликдаги органик маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконини берадиган ноёб табиий шароитлар мавжуд. Бироқ биз бир жойда депсиниб, эски воситалардан фойдаланган ҳолда бозор жараёнларини замонавий воқеликлар асосида ташкил эта олмаймиз.

Иккинчидан, ер ислоҳотига эҳтиёж бор, бу ҳақда давлатимиз раҳбари бир неча бор тўғри таъкидлаган. Мен унинг постулатини тўлиқ қўллаб-қувватлайман: «ернинг эгаси бўлиши керак». Ўз шахсий ривожланишига бюрократик эмас, балки табиий равишда юқори рағбат туйган мулкдорлар синфини яратмасдан туриб, биз кўплаб иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар натижасига, шунингдек, бозорни сифатли, арзон маҳсулотлар билан тўлдиришга эриша олмаймиз.

Учинчидан, биз дон режасидан воз кечишимиз керак. Дунёда ҳали ҳам коммунистик режали қишлоқ хўжалиги бўйича яшаётган, адашмасам, 3 та давлат бор — Ўзбекистон, Туркманистон ва Шимолий Корея. Баршчина ва оброклар (крепостнойлик даврида деҳқонлардан мажбурий тартибда олинган тўловлар ­- тарж.), аслида, фермерларнинг эркин нафас олишига имкон бермайди. Янада аниқроғи, минтақамиз буғдой етиштириш учун унчалик ҳам яроқли бўлмаган бир ҳолатда, дон каби ликвидли товарни қандай қилиб ультиматум шаклида олиб қўйиш мумкинлигини тушунмаяпман.

Тўртинчидан, ҳукумат яқинда чорвачиликни ривожлантириш учун субсидиялар ажратди. Субсидиялар, имтиёзлардан фарқли ўлароқ, аниқ шахслар ёки компаниялар учун имтиёзлар яратмайди, балки шакллантиришга ёрдам беради ва юқори мотивацияга эга. Субсидиялар текин маблағ эмас. Бу ишлаб чиқарувчи кейинчалик ўзининг маҳсулдор меҳнати билан тўлаши керак бўлган ёрдамдир.

Солиқ имтиёзлари берилгунга қадар яхши субсидиялар жорий қилинган эди: деҳқон ҳар килограмм соф оғирлик учун давлатдан эркин фойдаланишга 2000 сўмдан олган. Ҳозирги ўйинчиларга ҳам, фермерликни бошлашга қарор қилганларга ҳам рағбат берган ажойиб ташаббус эди. Субсидиялар тахминан 2 ойча ажратилди. Кейин улар нобозор нархларни пасайтиришга қаратилган солиқ имтиёзларини жорий қилдилар ва бунинг натижасида деҳқончиликни сифат жиҳатидан ўзгартириш учун фойдали рағбатлар барбод бўлди.

Лекин энг парадоксал томони шундаки, президентнинг субсидиялар ҳақидаги фармони қуйида қайсидир вазирлик ёки идоранинг фармони билан қалам билан енгилгина чизиб қўйилган.

Қорамол, қўй ва эчкининг хом терисини экспорт қилишнинг чекланиши ҳақиқатан ҳам гўшт таннархига таъсир қиладими? Нима учун ушбу тартиб ишлашда давом этмоқда?

Гўшт таннархи фақат деҳқоннинг чорва молларини боқиш учун сарфлаган харажатларидан таркиб топмайди, балки буқа ёки сигирнинг субмаҳсулотлари таннархидан ҳам шаклланади. Республикада чарм бизнесини ривожлантиришга қаратилган протекционистик чора-тадбирларнинг тескари самараси ҳам бор. Ҳалоллик билан тан олишимиз керакки, биз поябзал ва чарм буюмлар ишлаб чиқарувчи глобал ишлаб чиқарувчи эмасмиз ва ўшанда ҳамма нарса аён бўлади. Австралияда бир қорамол субмаҳсулоти ўртача 600 доллар туради, бизда эса 100 доллар.

Мен ишлаб чиқарувчи сифатида бутун хоҳишим билан терини бера олмайман, чунки бизда поябзал саноатида бундай ишлаб чиқариш қувватлари йўқ. Ва экспорт ҳам қила олмайман. Шунинг учун, мен терини арзимаган пулга бераман, лекин айни пайтда терининг нархини рентабеллик учун гўшт нархига киритаман. Тасаввур қилинг-а, сиз буғдой экасиз, лекин сизда пичан сотишнинг иложи йўқ. Бозор қонунлари ва мантиқ қонунлари бизнинг хоҳиш ва шиорларимиздан кучлироқдир.

Ҳозирда йирик шохли молларнинг катта қисми аҳолининг қўлида. Чорвадорларга гўштни саноат услубида ишлаб чиқаришларига нима ҳалал беради?

Фото: Promeat

Ветеринария қўмитасининг сўнгги ҳисоботида айтилишича, чорва молларининг 95 фоизи аҳоли хонадонларида. Чорвачиликнинг тақсимланиш амалиёти жуда эскирган ва Совет давридаёқ ўзининг самарасизлигини кўрсатган. Оддий одам ўзи ва оиласини боқиш учун қорамол парваришларди. Ёки катта харидлар, тўйлар ва ҳоказоларга маблағ керак бўлганида сотиш учун. У чорва молларини етиштиришга иштиёқманд эмас, молиявий маблағларнинг йўқлиги, технология олиш имкониятининг мавжуд эмаслиги ва шунчаки асосий иши ва касби унга чорвачилик билан самарали ҳамда даромадли шуғулланиш, ҳатто ўртача фермер хўжалигига эга бўлиш имкониятини бермайди.

Чорва моллари боқиладиган вилоятлар ёки участкаларга борган бўлсангиз, қорамоллар қанчалик ёмон ва тизимсиз боқилаётгани, қандай шароитда сақланаётгани, уларнинг соф вазни ва бошқа кўплаб камчиликларга гувоҳ бўлишингиз мумкин. Одамларимиз учун чорва ёстиқ остида сақланаётган пулнинг муқобили ҳисобланади, фақат пул гўшт кўринишида сақланади. Қолаверса, бундай шароитда масъул давлат идоралари томонидан чорва моллари сифати, эмлаш, паспортлаш ва селекция ишларининг назорат қилиниши деярли мумкин эмас. Буларнинг барчасини доимий ва мавсумий равишда бюрократик тарзда текшириш учун сизда ақлбовар қилмас штатлар ва молиявий имкониятлар бўлиши керак. Дарвоқе, субсидия профессионал фермерни оддий одамдан ажратадиган фильтр бўлиши керак эди.

Яна бир бор такрорлайман, агар биз қўшни давлатлар ва шароитларга қарам бўлмаслик, сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни истасак, рақобат, фойда олиш ва самарадорликни ошириш ҳисобига соҳани олға силжитадиган, инновацияларни ўзлари тарқатадиган профессионал фермер-ишбилармонлар синфининг пайдо бўлиши ва кучайишига имконият яратишимиз керак.

Аҳолидаги чорваларнинг устунлиги маҳсулот сифати устидан назоратни йўқотишга олиб боради. Хонадонлардан олаётган сут ва гўшт сифати, ишонтириб айтаманки, ҳатто танқидга ҳам дош беролмайди. Тўғри қурилган ферма ва янги технологиялар ўз натижасини бераётган бир пайтда одамларимизда замонавий технологияларга нисбатан янглиш муносабат, фермерлар ўз фермаларида куну тун чорваларга анаболикларни укол қилишяпти, деган конспирологик қарашлар мавжуд.

Тан олинг, қандайдир устоз кўрмаган уста, у қанчалик иқтидорли бўлмасин, гаражда мустақил равишда яратган машинада юрмайсиз. Биз, профессионал фермер ва ишбилармонлар, аҳоли билан яқиндан ҳамкорлик қилишимиз керак: ё чорвачилик бўйича билимимизни оширишимиз ёки улардан сотиб олишимиз керак. Қолаверса, урбанизация ва ҳаётнинг замонавий ритми бу масалада аллақачон кўп нарсани ўзгартирмоқда.

Чорвачилик фермаларининг ҳажмлари ҳақида

Фото: Promeat

Энг аввало, тегишли ер майдони ва аҳоли сонини ҳисобга олган ҳолда йирик чорвачилик фермаси нима эканлигини аниқлаш керак. Республикамиз ер майдони билан мақтана олмайди. Агар Россияда унинг ҳудуди ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда 20 минг бошли фермер хўжалиги йирик фермер хўжалиги ҳисобланса, бизда бундай хўжалик, аслида, монополист ҳисобланади.

100−500 бошли кичик, 1000 — 2000 бошли ўрта фермер хўжаликларини ташкил этишни қўллаб-қувватлашимиз керак. Улар ўртасидаги рақобат, кооперация ва иттифоқ (масалан, Қозоғистонда уларнинг манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун маълум зотдаги ишлаб чиқарувчилар палаталари ташкил этилган) бизни бутунлай бошқа даражага олиб чиқади.

Ерга эгалик ҳуқуқи, чорвачилик учун субсидиялар бериш, ғалла режасини босқичма-босқич бекор қилиш — мана шулар деҳқонларимизни мулкдор ва ишбилармон қиладиган, расталарни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдирадиган учта асосий минимумдир.

Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев аввалроқ ҚҚС имтиёзлари озиқ-овқат нархига қандай таъсир қилганини айтиб ўтган эди. Унинг сўзларига кўра, нол солиқ ставкаси узайтирилса, 2022 йилда давлат бюджети яна 800 млрд сўм йўқотади.