Олий Мажлис Қонунчилик палатасида айрим маҳсулотларга берилган қўшилган қиймат солиғи имтиёзи узайтирилиши бўйича қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев хабар берди.

Қонун лойиҳасига кўра, 2021 йил 1 майдан 2022 йил 30 апрелга қадар бўлган даврда қуйидагилар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш;
  • ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма;
  • гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек, уларни мамлакат ҳудудига олиб кириш.

Депутутнинг ёзишича, ушбу қонунни қабул килиш давлат бюджетининг 800 млрд cўм атрофида даромадлари йўқолишига олиб келади. Йўқотилган суммани солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, шунингдек, алоҳида имтиёзларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳисобига қоплаш кўзда тутилмоқда.

Аввалроқ, президент қарори билан 10 октябрдан 31 декабргача бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), картошка ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма ва Ўзбекистонга олиб кириш ҚҚСдан озод қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев асосий озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ва реализацияси учун ҚҚСга берилган имтиёзлар муддати узайтирилиши борасидаги мулоҳазаларини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, гўшт, ёғ ва картошка маҳсулотлари аҳоли истеъмол саватчаси таркибида юқори вазнга эга эканлиги инобатга олинса, ушбу маҳсулотлар нархларини барқарор сақланиши бошқа истеъмол товар ва хизматлар нархлари ўсиш суръатларини пасайтиришга ҳам ижобий таъсир қилади.