Ҳукуматнинг 11 январдаги [17-son] қарори билан техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.

Низомга мувофиқ, техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларининг 2-босқичидан ўқишини давом эттириш учун қабул қилиш тартиби белгиланган. Ўқишга қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Техникумни муваффақиятли тамомлаганлар тоифасига техникумдаги бутун ўқиш даврида ўқув семестрлари якунига кўра, ўзлаштириш баҳолари «5 (аъло)» ва «4 (яхши)», бироқ ўзлаштириш баҳоларининг камида 50 фоизи (тиббиёт олий таълим муассасалари учун камида 85 фоизи) «5 (аъло)» бўлган битирувчилар киради.

Мазкур тартиб 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, битирувчи техникумни тамомлаган йилдан бошлаб икки йил мобайнида татбиқ этилади.

Юқорида қайд этилган тоифага кирмайдиган ҳамда техникумни битирганига икки йилдан ошганлар ўқишга кириш истагини билдирганда уларни олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.

Таълим йўналишлари рўйхати Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Битирувчилар ҳар йили 5 июлдан 25 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий веб-сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтиши керак.

Бунда битирувчилардан:

  • паспорт ёки ID-карта нусхаси;
  • техникумни битирганлик тўғрисидаги ҳужжат;
  • ва унга илованинг нусхасини юклаши талаб этилади.

Онлайн рўйхатдан ўтган битирувчиларнинг тизимга юкланган ҳужжатлари олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан ҳар йили 5 августга қадар ўрганиб чиқилади.

Ўрганиш натижалари бўйича абитуриентларнинг шахсий кабинети орқали уларга хабар берилади. Cуҳбат жараёни эса ҳар йили 10 августдан 25 августгача, олий таълим муассасаси томонидан белгиланган муддатда ўтказилади.

«Ушбу Низом — олий ҳарбий, олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Тошкент давлат юридик университетига, шунингдек Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди», — дейилган хабарда.

Маълумот учун, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг сайтидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон бўйича ОТМлар ҳузуридаги техникумлар сони 214 тани ташкил этади. Уларнинг қуввати 177,4 мингга тенг.

Республика бўйича олий таълим муассасаларининг жами сони эса 152 та. Шулардан университетлар сони 30 та, институтлар 45 та, академиялар 3 та, филиаллар 28 та, консерватория 1 та, Чет эл ОТМ филиаллари 27 та, Нодавлат олий таълим муассасалари 18 тани ташкил этади.