Жиззах шаҳар газ таъминоти тизимидаги эски газ қувурларини олиб ташлаб, 1,5 минг километрдан зиёд янги қувурлар тортилиши режалаштирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 10 январь куни газ етказиб бериш тизимида хусусий шерикликни жорий этишга доир таклифларни кўриб чиқди.

Тақдимотда тизимни модернизация қилишнинг жуда долзарблиги, сабаби мамлакатдаги газ қувурларининг ярмидан кўпи — 45 минг километри ўттиз йилдан ортиқ вақтдан бери ишлатиб келинаётгани айтилган.

Маълум қилинишича, бугунги кунда Жиззах шаҳар газ таъминоти тизимида:

  • 767 километр қувур,
  • 6 та газ тақсимлаш станцияси,
  • 1 минг 600 дан зиёд газ тақсимлаш пункти бор.

Тақдимотда ушбу тизимни халқаро стандартлар асосида ва тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш орқали модернизация қилиш бўйича лойиҳа кўрсатилди.

«ЎЗТРАНСГАЗ» АЖ бошқарув раиси Беҳзод Нарматовнинг сўзларига кўра бу лойиҳанинг ижроси учун Туркиянинг Aksa Dog’algaz компанияси билан ҳамкорлик қилинади.

Лойиҳага кўра, эски газ қувурлари олиб ташланиб, ўрнига 1,5 минг километрдан зиёд янги қувурлар тортиш режалаштирилган. Газ тақсимлаш станциялари сони 6 тадан 2 тагача қисқартирилиб, 3 босқичли тизимдан 2 босқичли тизимга ўтилади. Шунингдек тақдимотда 94 та юқори босимли газ тартиблаш пункти (ГТП) ни 20 тага камайтириш, ҳамда мавжуд бўлган 1576 та ўрта босимли ГТП лардан тўлиқ воз кечиш айтиб ўтилган.

Натижада ҳозирги ҳолатдаги 115 миллион куб метр йўқотишлар бартараф этилади, шунингдек, йўқотишлар миқдори ҳозирги 22 фоиздан 0,1 фоизгача камайтиришга эришиш мумкин дейилади хабарда.

Тақдимотга кўра, лойиҳанинг жами капитал харажатлари 2022−2024 йилларда Ўзбекистон таклифига кўра, 105,2 млн долларга тенг бўлади. Туркиянинг Aksa компанияси таклифида эса ундан 28,2 млн долларга кўп (133,4 млн доллар) бўлиши келтирилган.

Бунда ўртача йиллик операцион харажатлар Туркия компанияси таклифига кўра, 2,7 млн долларга тенг бўлади. Ўзбекистон таклифида эса бу 2,6 млн доллар этиб кўрсатилган.


Президент бу лойиҳанинг самарадорлигига алоҳида аҳамият қаратиб, уни тезлаштириш зарурлигини таъкидлаган.

Шунингдек, бундай тизимни бир пайтнинг ўзида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида, кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш вазифаси қўйилган.