Сурхондарё вилояти Денов шаҳридаги «Инденим» савдо мажмуасидаги портлаш бўйича олиб борилган тадқиқот ва таҳлилилар натижаларига кўра, фожианинг юз беришига сабаб бўлган омиллар юзасидан ҳукумат комиссиясининг хулосаси эълон қилинди.

ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Ўлмас Музаффаровнинг сўзларига кўра, савдо мажмуасида содир бўлган чақнаш портловчи моддалар қўлланилганлиги натижасида содир бўлмаган.

«Мазкур объектда портловчи моддалар қўлланилганлиги ўрганилганда, портловчи моддалар излари мавжуд эмаслиги ҳамда портлашга хос бўлган ўзгаришлар, яъни, „воронка“ ва портлатиш қурилмасининг бўлаклари аниқланмаган. Чақнаш мажмуа остидан ўтган ва фойдаланишда бўлмаган газ қувуридаги ёриқлардан табиий газнинг сизиб чиқиши натижасида — портлаш хавфи бўлган газ-ҳаво аралашмасининг ҳосил бўлиши ва унга бинодаги электр жиҳозларининг автоматлаштирилган тартибда ўчиб-ёнишида кузатиладиган учқуннинг таъсири натижасида рўй берган», — деди у.

Ҳодиса содир бўлган жойда олиб борилган очиш (кавлаш) ишлари натижасида бино остидан фойдаланишда бўлмаган, диаметри 57 мм бўлган (1987 йилда қурилган) газ қувури ўтганлиги аниқланган.

Газ қувурнинг бир томони ёпилган, иккинчи томони эса «Сурхон капитал мобил» МЧЖга қарашли «АСР» савдо дўконига кириш зинаси остидаги газ тармоғидан узилмаганлиги маълум бўлган. Ушбу газ қувури эса «Инденим» савдо мажмуаси биносининг остида қолиб кетган ва фойдаланишда бўлмаган қувурга уланган бўлган.


6 декабрь куни «Ҳудудгаз Сурхондарё» филиалининг Денов шаҳар газ таъминоти бўлими томонидан «Сурхон капитал мобил» МЧЖга қарашли «АСР» савдо дўкони биноси остки қисмидан (пойдевор орасида) ўтган газ қувури ўрта босимли газ оқими тармоғига уланган.

Натижада «Инденим» мажмуасининг остидаги газ қувурининг коррозияга учраган ёриқлардан (6 жойидан 3−13 см катталикда) сизиб чиққан табиий газ бинонинг ички кисмида тўпланган ва чақнаш юзага келган.

Аввалроқ, ФВВ Деновдаги савдо мажмуасида юз берган портлаш оқибатида жами 226 та кўчмас мулкка 22,6 млрд сўмлик зарар етганини маълум қилди. Талофат кўрган биноларнинг 25 таси яроқсиз деб топилган, шундан 13 та хонадон эгалари бошқа жойга кўчирилиб, уйлари таъмирлаб берилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 7 декабрь куни эрталаб соат тахминан 4 ларда содир бўлган портлаш оқибатида яқин атрофдаги бино конструкциялар қулаб, катта ёнғин келиб чиққанди. Ҳозиргача бунинг оқибатида 9 киши жароҳатланиб, икки киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

«Газета.uz» Деновдаги фавқулодда ҳодиса жойидан фоторепортажни эълон қилганди. Воқеалар ривожи давомида Бош прокуратура Деновдаги портлаш бўйича теракт версиясини рад этди.

14 декабрь куни ушбу фожиа бўйича президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз муносабатини билдириб, портлаш тафсилотларини телевидение орқали батафсил кўрсатиш бўйича топшириқ берди. «Яширадиган Ўзбекистон эмас ҳозир», — деди Шавкат Мирзиёев. Унинг қўшимча қилишича, бундан буён вилоятлар ҳокимлари шу сингари ҳолатларнинг олдини олиш учун жавобгарликни шахсан ўз зиммасига олади.

16 декабрга келиб эса, Денов шаҳар газ бўлими бошлиғи ҳамда Ҳудудгаз Сурхондарё газтаъминотининг 2 нафар ходими айбдор деб гумон қилиниб, қамоққа олинди. Улар ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганлик ва моддий қимматликлар олганликда айбланмоқда.