Сурхондарё вилояти Денов шаҳри марказидаги икки қаватли «Инденим» савдо мажмуасида содир бўлган портлашда 3 нафар мансабдор айбдор деб гумон қилинмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

15 декабрь куни Денов шаҳар газ бўлими бошлиғига Жиноят кодексининг 116 моддаси 4 қисми «а,б» бандлари (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик), Ҳудудгаз Сурхондарё газтаъминотининг 2 нафар ходимига 214-моддаси 3 қисми «в» банди (Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) билан айб эълон қилиниб, «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган, дейилади хабарда.

Ўрганишлар давомида 10 дан ортиқ экспертизалар тайинлангани, тахминларга кўра, бино ичида жойлашган газ қувурларидан бир неча соат давомида газ сизиб чиққанлиги сабабли портлаш содир бўлгани айтилмоқда.

Аввалроқ, Бош прокуратура портлаш юзасидан Жиноят кодексининг 257 (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259 (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатган эди. Бироқ, ўшанда ушбу моддаларнинг айнан қайси бандлари асосида иш очилгани қайд этилмаганди.

7 декабрь куни эрталаб соат тахминан 4 ларда содир бўлган портлаш оқибатида яқин атрофдаги бино конструкциялар қулаб, катта ёнғин келиб чиққанди. Ҳозиргача бунинг оқибатида 9 киши жароҳатланиб, икки киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

«Газета.uz» Деновдаги фавқулодда ҳодиса жойидан фоторепортажни эълон қилганди. Воқеалар ривожи давомида Бош прокуратура Деновдаги портлаш бўйича теракт версиясини рад этди.

14 декабрь куни ушбу фожиа бўйича президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз муносабатини билдириб, портлаш тафсилотларини телевидение орқали батафсил кўрсатиш бўйича топшириқ берди. «Яширадиган Ўзбекистон эмас ҳозир», — деди Шавкат Мирзиёев. Унинг қўшимча қилишича, бундан буён вилоятлар ҳокимлари шу сингари ҳолатларнинг олдини олиш учун жавобгарликни шахсан ўз зиммасига олади.