Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида жойлашган 2 қаватли «Инденим» савдо мажмуаси биносидаги портлаш оқибатида қанча зарар етгани маълум қилинди.

Бунга 8 январь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Ўлмас Музаффаров тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳодиса оқибатида 2 киши вафот этган, яна 9 киши турли даражадаги тан жароҳати олган.

«140 та турар жойларга, яъни, 76 та ҳовли уйлари, 5 та кўп қаватли уйларнинг 64 та хонадони, 86 та нотурар жойлар, умумий ҳисобда 226 та иморатга зиён етган. Талофат кўрган 25 та бино, жумладан, 13 та турар ва 12 та нотурар жой яроқсиз ҳолга келган», — деди у.

Таъкидланишича, мустақил баҳоловчи ташкилотлар томонидан ҳодиса оқибатида етказилган зарар миқдори ҳисоблаб чиқилган. «226 та кўчмас мулк объектларига етказилган зарар миқдори 22,6 млрд сўмга баҳоланган. Шундан мажмуага етказилган зарар миқдори 14,4 млрд сўмни ташкил этади», — деди у.

Таъкиданишича, Ҳукумат комиссияси томонидан яроқсиз деб топилган 13 та хонадон эгалари бошқа жойга кўчирилиб, жойидан янгидан уй-жой қуриш бўйича пудратчилар бириктирилган ва қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Таъмирталаб 69 та турар жойлар биноларига, жумладан, 64 та ҳовли уйлари ва 5 та кўп қаватли уйларнинг 64 та хонадони тартибга келтириш мақсадида пудратчилар жалб қилиниб, таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилмоқда. Таъмирталаб 60 та нотурар жой биноларида тадбиркорлар томонидан таъмирлаш ва қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Етказилган зарарни қоплаш ишлари Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилаётгани қўшимча қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 7 декабрь куни эрталаб соат тахминан 4 ларда содир бўлган портлаш оқибатида яқин атрофдаги бино конструкциялар қулаб, катта ёнғин келиб чиққанди. Ҳозиргача бунинг оқибатида 9 киши жароҳатланиб, икки киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

«Газета.uz» Деновдаги фавқулодда ҳодиса жойидан фоторепортажни эълон қилганди. Воқеалар ривожи давомида Бош прокуратура Деновдаги портлаш бўйича теракт версиясини рад этди.

14 декабрь куни ушбу фожиа бўйича президент Шавкат Мирзиёев ҳам ўз муносабатини билдириб, портлаш тафсилотларини телевидение орқали батафсил кўрсатиш бўйича топшириқ берди. «Яширадиган Ўзбекистон эмас ҳозир», — деди Шавкат Мирзиёев. Унинг қўшимча қилишича, бундан буён вилоятлар ҳокимлари шу сингари ҳолатларнинг олдини олиш учун жавобгарликни шахсан ўз зиммасига олади.

16 декабрга келиб эса, Денов шаҳар газ бўлими бошлиғи ҳамда Ҳудудгаз Сурхондарё газтаъминотининг 2 нафар ходими айбдор деб гумон қилиниб, қамоққа олинди. Улар ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганлик ва моддий қимматликлар олганликда айбланмоқда.