2022 йилнинг май ойигача Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) фаолиятини халқаро ташкилотларнинг сўз ва матбуот эркинлиги соҳасидаги тавсиялари асосида қайта ташкил қилинади. Бу 2022−2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида қайд этилган.

Бунда, агентлик мавжуд штат бирликлари ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорини ўзида сақлаб қолади.

Шунингдек, АОКА бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил ҳамда Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор бўлади. Қолаверса, ноябрга қадар эса ахборот соҳасини тартибга солишга қаратилган мавжуд қонунларни Ўзбекистон Ахборот кодекси шаклида унификация қилинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги таркибига ўтказилади.

Лойиҳада давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги ҳамда матбуот котиблари фаолияти самарадорлиги рейтингини тузиш ҳам кўзда тутилган. Бу орқали соҳада юқори натижаларга эришган ташкилотлар матбуот котибларини рағбатлантириш тизими жорий қилинади.

Мазкур ўзгартишларни ўз ичига олган президент фармони лойиҳаси 14 январга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг июлидан бери АОКАга Асаджон Ходжаев раҳбарлик қилиб келмоқда.

Маълумот ўрнида, президентнинг 2019 йил 2 февралдаги [ПФ-5653-cон] фармони билан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилганди. Шу куни имзоланган президент [ПҚ-4151-сон] қарори билан унинг таркибий тузилмаси белгилаб берилганди.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 11 июндаги [274-сон, ҳозирда ўз кучини йўқотган] қарори билан такомиллаштирилган.