Шахматнинг блиц йўналиши бўйича Варшавада ўтаётган Жаҳон чемпионатида Жавоҳир Синдоров Топ-5 дан ўрин эгаллади. 29 декабрь куни мазкур йўналишда 12 та тур доирасида ўйин ўтказилди. Унда Синдоровдан ташқари, Нодирбек Абдусатторов, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидовлар ҳам қатнашди.

Жавоҳир Синдаров 8,5 очко тўплаган ҳолда турнирда 5-ўринни эгаллаб турибди. Нодирбек Абдусатторов — 6,5, Шамсиддин Воҳидов — 6, Жаҳонгир Воҳидов эса — 5,5 очко тўплаган.

Кучли бешлик рўйхати:

  • Турнир пешқадами Левон Арониян — 10 очко;
  • Амин Бассем — 9,5 очко;
  • Пархам Магсудлу — 9 очко;
  • Владимир Федосеев — 8,5 очко;


12-тур натижалари. Манба: chess-results.com.

17 ёшли Нодирбек Абдусатторов 12-тур якунига кўра 6,5 очко билан 65-ўринни эгаллаб турибди. Унда бешта ғалаба, битта дуранг ва бешта мағлубият бор.

19 ёшли Шамсиддин Воҳидов ҳамон 6 очко билан 86-ўринда бормоқда. У 7-турда рапид ва блиц бўйича дунёнинг энг яхши шахматчиларидан бири америкалик Ҳикара Накамура билан дуранг ўйнашга муваффақ бўлди. 26 ёшли Жаҳонгир Воҳидов 5,5 очко билан 110-ўринда бормоқда.

Ўзбекистон шахматчилари 13-турда қуйидаги рақиблар билан баҳс олиб боришади:

  • Жавохир Синдаров — Аржун Эригайси (Ҳиндистон);
  • Нодирбек Абдусатторов — Мераб Гагунашвили (Грузия);
  • Шамсиддин Воҳидов — Ойдин Сулаймонли (Озарбайжон);
  • Жаҳонгир Воҳидов — Жеспер Тубо (Дания).

Мусобақанинг қолган матчлари бугун ўтказилади. Регламентига кўра жами 21 та тур ўтказилиши кўзда тутилган бўлиб, мусобақанинг соврин жамғармаси 350 000 долларни ташкил этади.

Аввалроқ 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлганди.