Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Кўҳитанг тоғи ҳудудида палеолит даврига оид ёдгорлик аниқлади, дея хабар қилди Ўзбекистон Фанлар академияси матбуот хизмати.

Археологик дала тадқиқотлари 25 ноябрдан 5 декабргача Миллий археология маркази ходимлари томонидан профессор Рустам Сулаймонов бошчилигида олиб борилди.

Кўҳитанг тоғининг ички қисмида тор даралар мавжуд бўлиб, уларда геологик жараёнлар натижасида кўплаб ғор ва унгурлар шаклланган, дейилади хабарда. Уларнинг биридан қадимги даврда ибтидоий одам аждодлари мавсумий бошпана сифатида фойдаланган.

Дастлабки кузатувлар натижасида ёдгорлик ер сатҳидан кўплаб тош узаклар, уларнинг парчалари, учринди ва пластиналар ҳамда қуроллар йиғиб олинди. Ёдгорлик маданий қатламлари ҳолатини аниқлаштириш учун 1×2 метр ҳажмида шурф қазилди.

Қазув ишлари ер сатҳидан 0,5 метр чуқурликда қоятош ётғизиқларида тўхтатилди. Қазув ишлари натижасида ёдгорлик битта маданий қатламдан иборат эканлиги аниқланди. Маданий қатлам кул ва куйинди қолдиқлари билан қопланган қорамтир, майда тарқоқ тупроқдан таркиб топган бўлиб, унда ҳам кўплаб тош буюмлар ва ёввойи ҳайвон суяк қолдиқлари топилди.

Қайд этилишича, ушбу ёдгорлик ҳудудда илгари топиб ўрганилган Тешик-тош ёдгорлигига хронологик ва маданий жиҳатдан ўхшаш. Ёдгорликдан топилган тош буюмлар ўрта палеолит даврига тегишли бўлиб, тошга ишлов бериш техникаси ва тош буюмлар маданий жиҳатдан айнан Тешик-тош ёдгорлиги анаъаналарини такрорлайди.

Ҳозирда Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази ходимлари мазкур ёдгорликда тадқиқот ишларини давом эттиришни режалаштирмоқда, дейилади хабарда.

Фото