30−31 декабрь кунлари Ўзбекистон аҳолиси янги йил байрамини қорли об-ҳавосиз кутиб олиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет етакчи мутахассиси Эркин Абдулаҳатов ЎзАга берган интервьюсида айтиб ўтди.

Таъкидланишича, иқлим ўзгариши атмосферада циклон ва антициклон, бошқача айтганда, совуқ ва илиқ, нам ва қуруқ ҳаво массалари ҳаракатидаги маълум бир мувозанатни ўзгартириб юборган.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, Ўзгидромет ўз ваколати доирасида уч муддатли — қисқа, ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз хабарларини ишлаб чиқади.

Қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогноз хабарлари келгуси 5 кунлик давр учун ишлаб чиқилади ва бунда прогноз хабарларида ёғингарчиликнинг турлари (ёмғир, қор, дўл) аниқ кўрсатиб ўтилади.

Узоқ муддатли прогнозларда ёғингарчилик ва уларнинг турларини аниқ бир кунда бўлиб ўтиши кўрсатилмайди. Унда фақат ҳаво ҳарорати ва ёғингарчиликларнинг меъёрдан кўп ёки камлиги қайд этилади.

«Аммо метеоролог сифатида, атмосферадаги ҳаво оқимлариининг ҳаракатини синчков таҳлил қилган мутахассис сифатида 30−31 декабрь кунлари республикамизда ёғингарчилик кутилмайди. Демак, республика аҳолиси байрамни қорли об-ҳавосиз кутиб олиши мумкин», — деди Ўзгидромет мутахассиси.

У шунингдек, Ўзбекистонда қиш фаслида қор ёғиши камайиб боришига нима сабаб бўлаётганига ҳам тўхталиб ўтди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда қиш мавсумида қор ёғиши учун шимол ва шимоли ғарбдан совуқ ҳаво оқимлари тез-тез республика ҳудудларига кириб келиши керак бўлади. Айни шу ҳаво оқимларидан қор ёғади.

Таҳлилларга кўра, ҳозирда йил давомида совуқ ҳаво оқимларининг республика ҳудудларига кириб келиши ўтган аср охирларига нисбатан икки баробарга камайган. «Бунинг натижасида, 2016 йилдан бошлаб, қишда ёғиб ўтган қорлар давомийлиги ва ерда ҳосил бўлган қор қопламининг суткалаб эримасдан туриш ҳолатлари кескин камайиб кетди», — деди у.

«Ҳозирда иқлимнинг глобал миқёсда исиш жараёни антропоген таъсир яъни атмосферага турли хил чиқинди газларни чиқариш орқали парник эффекти (иссиқхона самараси)ни ҳосил қилиш фонида рўй бермоқда», — деди Эркин Абдулаҳатов.

Таъкидланишича, ракета учирилиши натижасида, атмосфера юқори қатламида ҳаво таркибининг бироз ўзгариши фанда исботланган.

«Аммо, ҳозирда Ўзбекистонга яқин Қозоғистон республикасининг Бойқўнғир полигонидан учирилаётган ракеталар сабаб, айнан Бойқўнғир устидаги атмосфера қатлами ёки Ўрта Осиё устида озон туйнугининг емирилаётгани ёки очилиб қолаётгани кузатилмади. Ҳар ҳолда сунъий йўлдош орқали спектреометрик тасвирларда бу ҳолат кузатилмаган», — деди Эркин Абдулаҳатов.

Озон туйнугининг емирилиши ёки очилиб қолаётгани охирги йилларда Жанубий қутб доираси ичидаги Антарктида материги устида фаол содир бўлаётгани маълум қилинган.

Мутахассиснинг фикрича, «глобал иқлим ўзгариши минтақада илиқ қиш кунлари сонининг ортиб кетиши билан намоён бўлмоқда».

«Қиш ойларида совуқ ҳаво оқимларининг Ўзбекистон ҳудудларига кириб келиши тенг икки баробарга камайиб кетди. Аксинча, охирги йилларда октябрь ва ноябрь ойларида совуқ ҳаво оқимларининг республикага кириб келиши фаоллашди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, республикада охирги уч йилликнинг барча ноябрь ойларида совуқ ҳароратларнинг кузатилиши ва ноябрь ойининг ўзидаёқ қор ёғиши ушбу фикрни исботлайди.

«Давомий илиқ қиш кунлари ортидан шимолдан совуқ ҳаво оқимлари кириб келиш ҳолати ҳозир ҳам сақланиб қолган. Аммо, совуқ антициклонларнинг минтақага чуқур кириб келиш эҳтимоли камайиб кетди. Чунки ҳозирда минтақамизга йилнинг деярли барча мавсумларида жануб иссиқ субтропик давлатлардан илиқ ва иссиқ ҳарорат тўлқинларининг таъсири кучли бўлиб турибди», — дея таъкидлади Эркин Абдулаҳатов.

Қайд этилишича, илиқ қиш кунларининг давомий бўлиши дарахтларда вегетация даврини қиш мавсумларининг ўзида кузатилишига олиб келган. Натижада, қиш ойларида яшиллилик олами эрта уйғониб, фаол вегетацияга кириб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Ортидан эса битта совуқ ҳавонинг кириб келиши оқибатида ўсимлик оламини совуқ урмоқда ва келгуси ҳосилни йўқотмоқда.

«Чўл ва тоғ яйловларида яшилликнинг камайиши бевосита шунга боғлиқ. Бу глобал иқлим ўзгаришининг минтақамизга шу кўринишдаги таъсир этаётгани билан тушунтирилади», — дея қўшимча қилди у.