Сенатор Толибжон Мадумаров Тошкентдаги «Қўйлиқ» бозори кўчирилиши бўйича шов-шувлар ўша ердаги бозорчиларнинг асоссиз ташвиқоти эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда 17 декабрь куни АОКА мажлислар залида Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси якунларига бағишланган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

«Вазиятни жойида ўрганганимизда ҳам, Тошкент шаҳар ҳокимининг 'Қўйлиқ'ни кўчириш ҳақидаги қарори ҳали чиққани йўқ. Бу ўша ердаги бозорчиларнинг ташвиқоти бўлди. Улар ўзларининг ички муаммоларини ҳал қилиш учун [масалани] ўзлари ўрганишларини айтишди. Бектемир тумани ҳокимлиги билан келишилгандан кейин, қарор қилдикки, биз охиригача етганимиздан (вазиятни чуқур ўрганамиз — таҳр.) кейин айтамиз. Лекин халққа очиқчасига айтиш керакки, бозорни кўчиши ҳақида ҳали ҳеч нарса йўқ, шунинг учун ваҳимага тушманглар», — деди сенатор.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдонларини бошқа жойга кўчириш режалаштирилаётгани маълум қилинганди. Бу мазкур ҳудуддаги автомобиль йўлининг кенгайтирилиши билан боғлиқ экани айтилди.

Шунингдек, «Қўйлиқ» бозорини кўчириш ва Тошкент вилоятида янги савдо мажмуасини қуриш тўғрисидаги қарор 2017 йилдаёқ қабул қилингани бўйича хабар берганди. «Газета.uz» ўрганиб чиққан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги буйруғида «Бектемир Нур агро» va «Турсунов Улуғбек агро» фермер хўжаликларига қарашли бўлган 55 гектар майдонни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш корхонаси, деҳқон (озиқ-овқат) бозори, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи савдоси мажмуаси, йирик савдо мажмуаси (гипермаркет), шунингдек, автомобиль тўхташ жойи ва автобус бекати қурилиши учун ажратиш назарда тутилган.

Шу билан бирга «Қўйлиқ» деҳқон бозори директори ўринбосари Қодиржон Нормирзаев бозор бузилиши ёки кўчиши ҳақида хат ёки оғзаки топшириқ берилмаганини, шу боис у бузилмаслигини маълум қилди. Бироқ сотувчилар ва ишчилар Food City`га кўчиш, акс ҳолда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантириш хатларини олган. Маъмурият эса бундан хабари йўқлигини айтган.