«Қўйлиқ» деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдонлари бошқа жойга кўчирилади, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Бу Тошкент ҳалқа йўлини кенгайтириш ва мазкур ҳудудда кўприк қуриш ишлари билан боғлиқ.

«Кўчириш режаси пойтахтдаги йўл инфратузилмасини яхшилаш, коммуникация тармоқларини такомиллаштириш ва тирбандликнинг олдини олиш мақсадида бажарилмоқда», — дейилади хабарда.

Ҳозирча пойтахтдаги энг йирик бозорлардан бирини қаерга кўчириш режалаштирилгани маълум қилинмаган. Ҳокимлик лойиҳа тафсилотлари ҳақида кейинроқ маълумот бериш ниятида эканини билдирмоқда.