«Қўйлиқ» деҳқон бозори директорининг хавфсизлик бўйича ўринбосари Қодиржон Нормирзаев бозор бузилиши ёки кўчиши ҳақида хат ёки оғзаки топшириқ берилмаганини маълум қилди. Бу ҳақда у ЎзАнинг видео репортажида айтиб ўтган.

«Янги мост бу ҳозирча лойиҳа. Ушбу мостни қурилишига 2025 йил ёки бошқа маълум бир вақт белгиланмаган. Қурилган тақдирда ҳам мост билан бозор орасида катта жой бор, айланма йўл қилиб, пастга туширганда ҳам бозорга ҳалақит қилмайди. Бозорнинг янги бозорга кўчирилиши бўйича ҳали бизга шаҳар ҳокимияти томонидан ёки бозорлар маркази томонидан ҳам ҳеч қанақа хабар берилмаган. Ва бизга бу бўйича огоҳлантириш хатлари ҳам юборилмаган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, янги қурилган бозор улгуржи савдога мўлжалланган бўлиб, у ерда катта фура машиналари эркин, тўсиқсиз ҳаракатланиб кириб кела олади. «Бундан мақсад бозорга келаётган машиналарни шаҳар ташқарисида ҳаракатланиб, шаҳар ичида тирбандликни олдини олиш учун мўлжалланган жой», — деди маъмурият вакили.

Фото: Видеодан лавҳа.

Видеода бозор сотувчилари ва ишчилари 31 декабрга қадар Food City`га кўчиш бўйича огоҳлантириш хати маъмурият томонидан берилганини таъкидлашмоқда.

Бозор директори номига ёздирилган хатда арича 31 декабрь кунигача фаолиятини тугатиб, Food City`да фаолиятини давом эттириши, агар ушбу қонуний талабга амал қилмаса МЖтКнинг 183 моддаси (майда безорилик), 194 моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ҳамда Жиноят Кодексининг 277 моддаси (безорилик) ва 229 моддаси (ўзбошимчалик) асосида жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган. Бироқ хатда мазкур моддалар диспозиция дея қайд этилган.

Қодиржон Нормирзаевнинг ишонтиришича, огоҳлантириш хатлари маъмурият томонидан берилмаган.

«Уни [огоҳлантириш хатини] паттачи бергандир. Мендаги маълумотга кўра, бозор бузилмайди. Бозор бузилиши, кўчиши бўйича хат ҳам келмаган», — деди у.

Бозордаги савдогарлар ва ишчиларнинг қўлидаги хат бўйича эса жавоб бера олмаслигини қўшимча қилган.

Ўза вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ходими билан боғланган, бироқ мухбир бозорлар бўйича маъсул шахснинг телефон рақамини оломаган.

7 декабр куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Қўйлиқ» бозори йўл ўтказгичи кенгайтирилиши туфайли бошқа жойга кўчирилишини маълум қилди.

9 декабрь куни эрталабдан «Қўйлиқ» бозори ҳозирги жойидан 6,5 км узоқликдаги «FOODCITY» савдо марказига кўчирилиши ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Шу куни «Газета.uz» бозорни кўчириш ва Тошкент вилоятида янги савдо мажмуасини қуриш тўғрисидаги қарор 2017 йилдаёқ қабул қилингани ҳақида таҳлилий материал эълон қилди. Унда Food City савдо маркази вакили билан суҳбат ҳамда лойиҳанинг бошқа тафсилотлари ҳам аниқланди.

Пайшанба куни «Қўйлиқ» бозори автотураргоҳига машиналар киритилмаётгани ортидан бир гуруҳ одамлар автомобиль йўлини тўсишга уринишди.

12 декабрь куни Бош прокуратура бозор бузилишига қарши норозилик билдириб, йўлни тўсиб қўйган тадбиркорларнинг иши Бектемир туман маъмурий судида кўрилиб, уларнинг беш нафарига 5−7 кун қамоқ жазоси тайинланганини маълум қилди.