Давлат статистика қўмитаси компания ва товар белгилари бўйича очиқ маълумотларни жойлаштирган Orginfo.uz хизмати асосчиси, дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқулов устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза берди. «Газета.uz» билан суҳбатда у батафсил сўзлаб берди.

Orginfo.uz қандай сайт?

Orginfo.uz, бу- Статистика қўмитасининг очиқ маълумотлари асосида компаниялар ҳақидаги маълумотлар — СТИР, фаолият тури, рўйхатдан ўтган манзили ва санаси, таъсисчилар ва бошқарувчилар рўйхати ва бошқаларни тақдим этувчи хизмати. Сайтдаги маълумотлар Давлат статистика қўмитасининг Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларини такрорлайди, бироқ давлат органи ресурси билан солиштирганда, бир қатор қулайликларга эга.

Хусусан, Orginfo.uz сайтида компаниялар тўғрисидаги маълумотларни уларнинг номи, шунингдек, таъсисчилар ва менежерларнинг исм-шарифлари бўйича ҳам қидириш мумкин, КТЯДРда эса СТИРни билиш керак бўлади. Бундан ташқари, хизмат савдо белгилари, шунингдек, уларнинг эгалари ҳақидаги маълумотларни ҳам топиш имконини беради.

Orginfo.uz орқали компаниянинг аффилланган шахсларини, шунингдек, у ёки бу таъсисчиларга тегишли барча компаниялар рўйхатини тезкор аниқлаш мумкин. «Газета.uz» ҳам ўз изланишларида Статистика қўмитаси сервиси имкониятлари чеклангани сабабли тез-тез Orginfo.uz хизматидан фойдаланиб туради.

Статистика қўмитаси нима учун дастурчидан шикоят қилди?

Бобурмирзо Ҳамроқулов. Фото: github.com/bzimor.

Бобурмирзо Ҳамроқулов сайтни 2021 йил январь ойида Россияда магистратурада ўқиётган вақтида очган. Унинг сўзларига кўра, унинг ҳеч қандай ғаразли мақсади ва нияти бўлмаган, акс ҳолда у сайтни «.uz» доменида очмаган, боғланиш учун бўлимини қолдирмаган («Газета.uz» айнан шу бўлим орқали у билан боғланди) ва ўзининг муаллифлигини кўрсатмаган бўларди.

«Тўғрисини айтсам, мен Давлат статистика қўмитаси уларнинг маълумотларидан фойдаланиш бўйича даъво беришини кутгандим. Шунинг учун мен уларни маълумот манбаи сифатида кўрсатдим», — деди у.

Дастурчининг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 620 мингга яқин компания рўйхатга олинган. Баҳоргача у сайтни янгиламаган, шунинг учун ҳам баъзи маълумотлар Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотларидан фарқ қилган. Унинг сўзларига кўра, Давлат статистика қўмитаси веб-сайтидан барча маълумотларни бир кунда юклаб олишнинг имкони бўлмагани учун барча 620 минг компания бўйича маълумотларни янгилаш 10−14 кунни олади (кунига 60 минг компания).

Бобурмирзо Ҳамроқулов маълумотларнинг янгиланиши нисбатан узоқ давом этгани боис 40 та компания ҳақидаги маълумотлар манбадаги маълумотлардан фарқ қилганини таъкидлади. Натижада, Давлат статистика қўмитаси сайт IPси бўйича домен эгасининг маълумотларини аниқлаш мақсадида «Ўзкомназорат» давлат инспекциясига мурожаат қилган, сўнгра ички ишлар органларига ариза берган.

«11 август куни мени Киберхавфсизлик марказига чақиришди, менга Давлат статистика қўмитаси бошлиғи ўринбосарининг хатини кўрсатишди, унда мен уларнинг розилигисиз сайтга маълумот жойлаштираётганим айтилган. Қўмита маълумотларидан фарқ қилувчи маълумотларни кўрсатадиган илова ҳам қўшимча қилинган… Кейин мен уларнинг сайтидан очиқ маълумотларни олишимни тушунтирдим, манбани кўрсатаман. Ҳа, тўғри, янгилаш пайтида фарқлар бўлади», — деди у.

Дастурчи тушунтириш хати ёзиб беради ва сўнгра ўз сайтидаги маълумотларнинг актуаллик санасини кўрсатишни бошлайди.

Ноябрда уни Андижон вилояти Асака туман ички ишлар бўлимига чақириб, 202−2-модда (ёлғон маълумот тарқатиш — БҲМнинг 50 бараваригача ёки 13,5 млн сўм жарима солишга сабаб бўлади) билан маъмурий иш қўзғатилгани ҳақида маълум қилишади. Иш судда кўриб чиқилади, аммо ҳалигача унинг ўтказилган санаси номаълум. Шу билан бирга, 202−2-моддада «шахс қадр-қимматини камситишга ёки шахс обрўсини камситишга олиб келадиган ёлғон маълумотларни, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет умумжаҳон ахборот тармоғида тарқатиш» назарда тутилган, давлат ташкилоти эса бу тоифага кирмайди.

«Мендан бу хизматни нима учун яратганимни сўрашди. Мен ўзим дастурчиман, келажакда иш сўраб мурожаат қилганимда бу лойиҳалар меники эканлигини кўрсата оламан. Иккинчидан, мен қулайлик яратмоқчи эдим. Мен бундан ҳеч қандай фойда кўрмаяпман, яни бу ерда реклама қилмаганман. Сенга алоқага чиқиб, хизматни телефон ёки сайтга улаш учун APIга кириш учун рухсат сўрашади. Мен шартнома асосида бу маълумотларни олмаганим учун Давлат статистика қўмитасига мурожаат қилишларини айтаман. Бунга жавобан улар жараённинг мураккаблиги ва қимматлиги, лицензиялар ва бошқалардан шикоят қилишади», — дейди у.

Кейинроқ Статистика қўмитаси илтимоси Бобурмирзо Ҳамроқулов қўмитани маълумотлар манбаси сифатида кўрсатишни ёпиб қўйди.

ИИБ ва Статистика қўмитаси муносабати

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати бошлиғи Шерзодбек Нуриддинов Kun.uz сўровига жавобан Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан ИИВ Тезкор ҳамкорлик бошқармасининг 2021 йил 17 июндаги хатига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилганини маълум қилди.

«Фуқаро томонидан 2021 йилнинг январь ойида orginfo.uz номли сайт яратиб, ушбу веб-сайт томонидан манба сифатида Давлат статистика қўмитасини кўрсатган ҳолда, юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни ўз веб-сайтида эски, бугунги кун ҳақиқатига тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатгани аниқланган. Бундан ташқари, фуқаро Б.Хамроқулов ўзининг orginfo.uz веб-сайти ва қўмита ўртасида ҳеч қандай шартнома ёки келишувнинг мавжуд эмаслиги, бунинг натижасида жамиятда фуқаролар ҳамда хорижий инвесторлар томонидан расмий статистик маълумотларга нисбатан турли хил тушунмовчилик ҳамда фикрларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган», — дейилади вилоят ИИББ берган расмий изоҳда.

Давлат статистика қўмитаси Ахборот хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Шаҳбоз Жонодилов нашрга қўмита маълумотлари барча учун очиқлигини, ҳамма ундан бемалол фойдаланиши мумкинлигини таъкидлади. Лекин қўмита билан orginfo.uz сайтига маълумотларни олиб жойлаш бўйича келишув бўлмаганини қўшимча қилди.

«Давлат статистика қўмитасидаги маълумотларни orginfo.uz сайтига олиб жойлаш бўйича ҳеч қандай шартнома ҳам, келишув ҳам бўлмаган. Билмадим, бу дастурчи маълумотларни қаердан олган. Бизники бўлмаган маълумот учун бизни манба сифатида кўрсатган. Натижада маълумот қидирганда икки хил нарса чиқса, инвесторлар ва бошқаларда ишончсизлик пайдо бўлишни бошлаган ва бизга сўровлар келган», — деди у.

«Биз ҳар бир сўровчига алоҳида жавоб бериб ўтирмаймиз-ку. Шунинг учун «Ўзкомназорат»га қўмита номидан маълумот тарқатаётган шахсни аниқлаб, чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш юзасидан хат чиқардик», — деди Шаҳбоз Жонодилов.

У Статистика қўмитаси бу сайтнинг ишлашига қарши эмаслиги, лекин қўмита билан келишмасдан уни манба сифатида кўрсатилиши ва ёлғон маълумот тарқатилишига қаршилигини билдирди.

Бобурмирзо Ҳамроқулов аввалроқ «Ўзбекистон темир йўллари» поездларининг ҳаракат жадвали, чипталар мавжудлиги ва уларнинг нархларини билиш имконини берувчи Telegram-бот ишлаб чиққан эди. Унинг сўзларига кўра, у ботни компаниянинг ўзида йўқ бўлгани учун ишлаб чиққан. Бундан ташқари, сайтнинг мобил версияси ва илованинг фунционаллиги мутлақо қулай эмаслиги маълум бўлди. Бироз вақт ўтгач, ЎТЙ учун сайт ишлаб чиққан компания ботнинг сайтга киришини тўсиб қўйди.