18 декабрь куни Истанбулдаги Йилдиз Техник университетида «Янги Ўзбекистон — янги ғоялар!» шиори остида «Ўзбекистон ёшлари форуми — Туркия» тадбири ўтказилади. Бу ҳақда форум ташкилотчилари «Газета.uz»га хабар қилди.

Мазкур тадбир 18−25 декабрь кунлари «Ўзбекистон ёшлари форуми — 2021» доирасида Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Туркиядаги вакиллиги томонидан Ўзбекистонинг Туркиядаги элчихонаси ва Истанбулдаги Бош консулхонаси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

«Форумни ўтказишдан кўзланган мақсад — Туркиядаги ўзбекистонлик ёшларда ватанпарварлик руҳини ошириш, Ўзбекистондаги ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини ошириш ва мамлакатимизда ёшларга оид сиёсатни ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшиш ҳамда бу борада уларнинг фаоллигини оширишдан иборат», — дейилади тадбир пресс-релизида.

Форум доирасида Туркиядаги ўзбекистонлик ташаббускор ёшлар ва гуруҳларнинг таклиф ва режаларини ўрганиш ва уларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Ёшлар симпозиумини ўтказиш режалаштирилган. Симпозиумда Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётий ва таъсирчан миллий ғояга айланлантиришда ёш олимларнинг илмий ва амалий ёндашувлари, келажак лидерлари бўлиб етишишининг замонавий тамойиллари, дунёда «New Media» деб ном олган ахборот воситаларининг янги трендлари ва маданият соҳасида фаолият юритаётган ижодкорларнинг фирк алмашинувлари ўрин олган.

Форум давомида Туркиядаги ўзбекистонлик ижодкор ёшлари кўргазмалари, викторина ва совринли ўйинлар ўтказиш, фаол талаба-ёшларни тақдирлаш режалаштирилган.

Шунингдек, Туркияда таҳсил олаётган ёшлар ва Ўзбекистондан ташриф буюрган расмий вакиллар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилади. Туркиядаги ўзбекистонлик талаба ёшларнинг Ўзбекистон ёшларига мурожаати эълон қилинади.

Шу билан бир қаторда, форум иштирокчиларининг киритган лойиҳаларини кўздан кечириш ва танлаб олиш, шунингдек, уларни ёшларга доир қабул қилиниши кутилаётган Ўзбекистон ҳукумати қарори учун таклиф сифатида киритиш мўлжалланган.

Тадбир якунида форумда фаол иштирок этган ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади ва гала-концерт тақдим этилади.