«Толибон» ҳаракати раҳбарияти ўзи тузган ҳукумат вазирлари, шунингдек, бошқа расмий шахсларга Ташқи ишлар вазирлиги рухсатисиз хорижий дипломатлар билан учрашишни тақиқлади. Бу ҳақдаги хабар 13 декабрь куни Афғонистон Ислом Амирлигининг Twitter саҳифасида эълон қилинди.

«Афғонистон Ислом Амирлиги бош вазири (Мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд) чиқарган фармонга кўра, амирлик вазирлари ва амалдорларига протокол учун жавобгар ҳисобланган Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатлари ва давлатлар элчилари (департамент рухсатисиз) билан учрашиши тақиқланади», — дейилади хабарда.

Бунда фармон матни ёки унинг асл нусхаси эълон қилинмади.

«Толибон» ўз ҳукумати таркибини Кобулда ҳокимият қўлга киритилганидан уч ҳафта ўтиб, 7 сентябрь куни эълон қилди. Унинг таркибига 33 киши кирди.