«Фарғонаазот» акциядорлик жамияти устав капиталидаги 99,02 фоиз акция пакетларини сотиш режаси эълон қилинди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, ушбу жараён президентнинг 2021 йил 13 февралдаги фармонига (ПФ-4992-сон) мувофиқ амалга оширилади. Deloitte TCF LLP ушбу хусусийлаштириш жараёни бўйича Давактив агентлигининг етакчи маслаҳатчиси ҳисобланади. Халқаро Молия Корпорацияси (ХМК) ҳам активни хусусийлаштиришга ёрдам беради.

Сотиш жараёни барча манфаатдор томонлар учун очиқ бўлган рақобат муҳити асосида ташкил этилади. Жараён манфаатдор иштирокчилардан мажбурий бўлмаган (non-binding offers), сўнгра мажбурий бўлган (binding offers) таклифларни олишдан ва бир ёки бир нечта манфаатдор номзодлар билан кейинги музокараларни ўтказишдан иборат бўлади.

«Фарғонаазот» АЖ 1962 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистонда минерал азотли ўғитлар, дефолиантлар ва целлюлоза ацетатлар ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланади. Корхона 3 та асосий комплексга бўлинган:

  • Минерал ўғитларни ишлаб чиқариш: АМ-76 кенг кўламли аммиак агрегати, концентрацияланмаган АК-72М азот кислота ва АS-72М аммиакли селитра ишлаб чиқариш, карбамид ишлаб чиқариш;
  • Натрий хлор ва магний хлорат дефолиантини ишлаб чиқариш;
  • Ацетат толаси ва целлюлозанинг мураккаб эфирларини ишлаб чиқариш.

Корхонанинг жами ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,8 миллион тонна ўғитни ташкил қилади

Агентлик маълумотларига кўра, 2020 йил якуни бўйича компаниянинг соф фойдаси 292,6 млрд сўмн ташкил этган. 2019 йилда эса ушбу кўрсаткич 220 млрд сўмга тенг бўлган. 2021 йил якунига мувофиқ, ушбу кўрсаткичнинг ўсиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин молия вазири Тимур Ишметов хусусийлаштиришдан асосий мақсад — инвесторларга давлат бозорларни тарк этаётгани ва улар давлат компаниялари томонидан адолатсиз рақобатга дуч келишидан қўрқмаслигини кўрсатиш эканини айтиб ўтганди.