8 декабрь куни Тошкент шаҳрида «Италия — Марказий Осиё» шаклидаги иккинчи вазирлар конференцияси бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиё мамлакатлари, Италия ва Европа Иттифоқи ташқи сиёсий идоралари раҳбарлари, иқтисодий ва молиявий тузилмалари, соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари иштирок этган.

Делегациялар Марказий Осиё давлатлари ва Италия ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилган.

Шу билан бирга, минтақадаги экологик муаммоларни ҳал этиш, экстремизм ва терроризм каби трансмиллий таҳдидларнинг олдини олиш, шунингдек, миллатлараро тотувлик, халқларнинг дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлаш йўллари таҳлил этилган.

Тадбирда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистоннинг минтақавий стратегиясига тўхтатиб ўтган. Хусусан, мулоқотлар жараёнида ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларида эришилган келишувларни амалга ошириш, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик моделини такомиллаштириш, минтақа дуч келаётган замонавий чақириқ ва таҳдидларга қарши чора тадбирлар ишлаб чиқиш белгилангани келтириб ўтилган.

У минтақанинг иқтисодий тараққиётига Афғонистондаги вазият ҳам таъсир қилишда давом этиши аниқлигини, қолаверса, бугунги кунга келиб афғон халқи жуда оғир аҳволга тушиб қолганини қўшимча қилган.

ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакат яна яккаланиб қолмаслиги учун Афғонистоннинг янги ҳукумати билан конструктив диалог олиб бориш лозим. У ҳозир афғон халқи жуда оғир аҳволда эканлиги, мамлакатдаги ҳозирги гуманитар вазият фалокатга яқинлигини эслатди.

«Гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун Афғонистонга гуманитар ёрдам йўлагини тақдим этиш зарур. Шунингдек, халқаро ҳамжамиятни санкцияларни бекор қилиш, Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини қайтариш ва мамлакат банк тизимини тиклашга ёрдам бериш чораларини кўришга чақирамиз» — дейилади вазир нутқида.

Вазир Ўзбекистон томони Афғонистон учун можародан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблашини қўшимча қилган.

Унинг сўзларига кўра, устувор вазифа Афғонистонни иқтисодий тусдаги минтақавий интеграция жараёнларига янада фаол жалб қилиш, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўлиб қолиши керак.

Бундан ташқари, вазир Ўзбекистон Афғонистоннинг янги ҳукумати халқаро мажбуриятлар: кенг вакилликка асосланган ҳукуматни барпо этиш, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига, шу жумладан аёллар ва миллий озчиликларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш, халқаро терроризм ва наркотрафикга қарши кураш, турли террористик гуруҳларнинг мамлакат ҳудудига жойлаштирилишига йўл қўймаслик, улар билан ҳар қандай алоқаларни тўхтатиш, минтақа давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлашни амалга оширишига умид қилишини эслатиб ўтди.