Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 27 сентябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий Кенгаш)нинг Афғонистондаги вазиятга бағишланган Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари ва Туркий Кенгаш котибияти Афғонистон йўналишида биргаликда қўшма ҳаракатлар жиҳатларини муҳокама қилди. Шунингдек, кенг вакиллик асосида Афғонистон ҳукуматини тузиш зарурлиги, инсон ҳуқуқларига, жумладан, аёллар ва миллий озчилик ҳуқуқларига риоя қилиниши масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Абдулазиз Камилов ўз нутқида Афғонистон масаласига тааллуқли асосий масалалар бўйича Ўзбекистон позициясига тўхталиб ўтди.

«Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч ва мустақил давлат сифатида шаклланишидан манфаатдор. Афғонистон замини энди минтақа давлатлари ва умуман халқаро ҳамжамият учун хавф туғдирмаслиги керак», — дея таъкидлади Абдулазиз Камилов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири дунё давлатлари учун устувор вазифа Афғонистонни иқтисодий тусдаги минтақавий интеграция жараёнларига янада фаол жалб қилиш, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади.

Можародан кейинги Афғонистон стратегиясини ишлаб чиқиш муҳимлиги, шунингдек, мамлакатга зарур инсонпарварлик ёрдам кўрсатилиши давом эттирилиши алоҳида қайд этилди.

Йиғилиш якунида Туркий Кенгашга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Афғонистон бўйича Қўшма баёноти қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ўзбекистон Афғонистонда муваққат ҳукумат тузилганини олқишлагани хабар берилганди.