6 декабрь куни Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беришича, олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янграган.

Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаев фахрий қоровул олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирди.

Сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашувда етакчилар кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон шериклигига доир кенг кўламли масалаларни, шу жумладан сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кўриб чиқдилар, халқаро ва минтақа кун тартиби юзасидан фикр алмашди, дейилади хабарда.


Қозоғистон президенти ушбу учрашувнинг муҳим аҳамиятини алоҳида қайд этди.

«Ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишда ушбу воқеа жуда муҳим. Бугун имзоланадиган ҳужжатлар шериклигимизга қўшимча суръат бағишлайди. Мамлакатларимиз ҳукуматларига белгиланган мақсадларга эришиш учун саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш топшириғини бердик. Ўйлаймизки, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади», — деди Қосим-Жомарт Тоқаев.

Ўзбекистон раҳбари таклиф учун миннатдорлик билдириб, ушбу учрашув Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ўтаётганини таъкидлади ҳамда Ўзбекистон халқи номидан биродар қозоқ халқини ушбу қутлуғ сана билан самимий табриклади, тинчлик-осойишталик, равнақ ва янги зафарлар тилади.


Биринчи президент — Элбоши Нурсултон Назарбоев бошлаган катта бунёдкорлик ишлари бугунги кунда Қосим-Жомарт Тоқаев раҳбарлигида давом эттирилаётгани ва Қозоғистон барқарор тараққиёт йўлидан дадил бораётгани таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси икки биродар давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг ривожланиш суръатини мамнуният билан қайд этди.

«Ўзбекистон ва Қозоғистон — табиий иқтисодий ҳамкорлар. Иқтисодиётларимиз рақобат қилмайди, бир-бирини тўлдириб туради. Ўзаро савдо ортмоқда. Жорий йилда товар айирбошлаш рекорд даража — 4 млрд долларга етиши кутилмоқда. Автомобилда ва темир йўллари орқали юк ташиш ҳажмлари ошмоқда. Авиақатновлар тўлиқ қайта тикланди, янги йўналишлар очилмоқда. Етакчи корхоналаримиз кооперацияни муваффақиятли кенгайтирмоқда. Кейинги йилларда иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида қўшма корхона ва лойиҳалар сони 6 баробарга ошди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, бунда мамлакатлар ҳудудлари ва тадбиркорлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон президентининг ташрифи арафасида Туркистон шаҳрида бош вазирлар раислигида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ҳудудлар форуми ўтди.

Куни кеча Қозоғистон пойтахтида қўшма бизнес-форум муваффақиятли ўтказилди. Ушу тадбирлар натижасида жами 6 млрд долларлик келишув ва шартномалар имзоланди.

Кейинги йилларда қўшма корхоналар сони 6 баробарга ошди. Костанайда автомобиль, автобус ва қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.


Таъкидланишича, пандемия даврида икки биродар халқ бир-бирига ёрдам бериб келган.

Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Қайта тикланган Тошкент халқаро кинофестивали доирасида қозоқ киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди. Шу ҳафта Қозоғистон пойтахтида ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ва Қозоғистон БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ, Туркий тилли давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда.

«Бугун икки томонлама стратегик шериклигимизни иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтариш тўғрисида тарихий қарор қабул қиламиз. Бу нафақат мамлакатларимиз, балки бутун минтақанинг изчил тараққиёти, барқарорлиги ва равнақи учун улкан аҳамиятга эга бўлади», — деди Ўзбекистон етакчиси.

Етакчилар минтақа ва халқаро кун тартибининг томонларни қизиқтирган долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.