5 декабрь куни Тошкентда Бош прокуратура бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Т. 29 минг АҚШ долларини пора сифатида олганда ушланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Таъкидланишича, А.Т. Олмалиқ ихтисослаштирилган прокурори лавозимида ишлаган пайтида — 2020 йилнинг октябрь ойида ўзига таниш бўлган қурилиш корхонаси раҳбари Д.А.ни Олмалиқ шаҳридаги 11-сонли ётоқхонани реконструкция қилиш бўйича қонуний ўтказилган тендерда қурилиш корхонаси гўёки унинг ёрдами билан ғолиб чиққанлигига ишонтирган ва моддий рағбат талаб қилиб келган.

Шундан сўнг, ҳозирда Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаётган ва жорий йил 22 ноябрдан меҳнат таътилида бўлган А.Т. 5 декабрь куни соат 22:00 ларда Миробод туманидаги «Мустафо» ресторанида Д.А.дан гўёки тендерда ютишига ёрдам қилганлиги учун 29 минг долларни олганида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бош прокуратура томонидан А.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди.

Гумонланувчи процессуал тартибида ушлангани қўшимча қилинди.