24 ноябрь куни Жанубий Кореяда коронавируснинг «Omiсron» штамми қайд этилди, деб хабар бермоқда The Korea Times нашри.

Қайд этилишича, Корея фуқароси бўлган эр-хотин 24 ноябрь куни Нигериядан ташриф буюрган. Уларга 25 ноябрь куни COVID-19 ташхиси қўйилган. Шундан сўнг 29 ноябрь куни уларни аэропортдан кутиб олиб, уйига олиб борган ўзбекистонлик фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси аниқланган.

Кейинроқ, ўзбекистонлик беморнинг оила аъзолари ҳамда танишида ҳам COVID-19 тести ижобий чиққан. Корея соғлиқни сақлаш идоралари уларнинг барчаси «Omiсron» штаммини юқтирган, деб тахмин қилишмоқда.

Шунингдек, нигериялик эр-хотиннинг фарзандида ва улар билан яқин алоқада бўлган бошқа шахсларда ҳам коронавирус қайд этилган.

Расмийларнинг фикрича, бу вақт ичида Кореянинг икки фуқароси, бир нафар ўзбекистонлик ва уларнинг оила аъзолари 270 га яқин киши билан мулоқотда бўлган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқаросида CОVID-19 ташхиси қўйилганидан бир кун аввал у Инчхон шаҳридаги диний муассасага ташриф буюрган, у ерда 400 дан ортиқ чет эл фуқароси йиғилгани айтилмоқда.

Ноябрь охирида ЖССТ Жанубий Африкада аниқланган коронавируснинг B.1.1.529 штаммини «хавотирли вариант» деб таснифлаб, унга Омикрон деб ном берганди. Ташкилот уни вируснинг бошқа шаклларига қараганда тезроқ тарқалиши мумкинлигини қайд этди.