Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Жанубий Африкада аниқланган B.1.1.529 штаммини SARS-CoV-2 вирусининг «хавотирли варианти» деб таснифлади ва у вируснинг бошқа шаклларига қараганда тезроқ тарқалиши мумкинлигини қайд этди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

ЖССТнинг 26 ноябрь куни чақирилган фавқулодда йиғилиши юзасидан берилган баёнотга кўра, COVID`нинг янги варианти Омикрон (Omicron) деб номланди.

Таъкидланишича, мустақил экспертлар томонидан ўрганилган дастлабки далиллар янги штаммда қайта юқтириш хавфи юқорилиги ва у COVID-19 эпидемиологиясида салбий ўзгаришлар юз беришига сабаб бўлганини кўрсатган.

ЖССТ маълумотига кўра, сўнгги ҳафталарда Жанубий Африкада вирус билан зарарланиш ҳолатларининг кескин ўсиши, эндиликда омикрон деб юритиладиган янги вариант аниқланган вақт билан мос келади. Хусусан, аввалроқ Жанубий Африканинг Гаутенг минтақасида, жумладан, Йоханнесбургда қайд этилган янги ҳолатларнинг қарийб 90 фоизи янги штамм туфайли юзага келганлиги хабар қилинган эди.

«Янги вариант инфекция тарқалишининг олдинги суръатларига қараганда тезроқ суръатларда қайд этилмоқда, бу унинг ўсишда устунликка эга бўлиши мумкинлигини кўрсатади», — дея маълум қилди ЖССТ.

Шунингдек, амалдаги ПЗР тестлари янги вариантни муваффақиятли аниқлашда давом этаётганлиги таъкидланган.

«Аввалроқ ЖССТ мамлакатларни COVID`нинг янги варианти билан боғлиқ саёҳат чекловларини шошилинч жорий этишдан огоҳлантириб, улар «хатарга асосланган ва илмий ёндашув»ни қўллашга чақирган эди», — дея ёзмоқда Reuters.

Қайд этилишича, Омикроннинг юқумлилигини, унга қарши вакциналар ва терапевтик воситалар самарадорлигини аниқлаш учун вақт керак бўлади.

ЖССТ маълумотига кўра, ҳозиргача вариантнинг қайд этилган ҳолатлари сони 100 тага етган.

Мутахассислар жамоатчиликни имкон қадар ниқоб тақишда давом этиш, кўпчилик бўлиб йиғилишга йўл қўймаслик, хоналарни тез-тез шамоллатиш ва қўл гигиенасига риоя қилишга чақирмоқда.

Маълумот учун, ЖССТ дастлаб Жанубий Африка ва Ботсванада аниқланган ва кутилганидан кўра тезроқ тарқалаётган коронавируснинг янги штамми — B.1.1.529 Sars-Cov-2 деб номланувчи янги вариантини муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш чақирган эди.