Валюта бойликларини ноқонуний олиш ёки ўтказганлик учун жазо чоралари юмшатилди. Бу ҳақда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиш киритиш бўйича қонун 30 нобярь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

Кодекс 170 моддасининг янги таҳририга кўра, валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш валюта бойликлари мусодара қилинган ҳолда 15 суткагача (олдин тўлиқ 15 сутка) маъмурий қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин.

Маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 20 бараваригача (олдин 20 БҲМ) жарима қўлланилади.

Ўзгаришлар 1 декабрдан бошлаб амал қилади. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 18 октябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 19 ноябрда маъқулланган.