Блогер Фатима Жўраева ўзининг Facebook саҳифасида Андижон вилояти Улуғнор тумани электор тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси томонидан калтакланганини айтиб, мурожаат қилди.

Нима содир бўлган?

Фатима Жўраева ўз мурожаатида туман электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчисидан ўзи ҳуқуқшунос сифатида ишлаб келаётган фермер хўжалигига электр энергиясидан қарздорликни сунъий равишда оширилганлиги бўйича тегишли ҳужжатларни беришини талаб қилганлигини билдирган.

«Сунъий қарздорликлар қаердан пайдо бўлаётгани, нимага фермерлар катта миқдорда қарздор бўлаётганини билиш мақсадида <...> ушбу ҳолат ҳақида изоҳ сўрагандим», — дейди у.

Фатима Жўраева «Улуғнор туманидаги мутасаддилар сунъий равишда фермерларни қарздорликка тиқаётгани ҳақида кичкина карикатура қилиб қўйгани» ҳақида ҳам айтди.

Фото: Фатима Жўраева / Facebook

«Электр тармоқлари 176 млн 649 минг сўм қарздор қиляптида, яна унга 53 млн пеня ва унга ҚҚСдан 72 млн қарздорлик қилиб, бир фермерни 215 млн 871 минг сўмга қарздор қилиб қўйяпти. Мен уларга телефон қилиб, бу ҳолат қандай бўлганини сўрадим, «Зафар ака»га телефон қилдим, улар тушликдан кейин чақиришди. Борсам Зафар аканинг эшиги қулф, кейин Сайдулло деган бухгалтерига кириб, сўрасам, у менга нисбатан провакация қилишни бошлади. «Ўзларингиз чақиртирдингларку» десам, у «биз бундай қилмаганмиз», деб бақириб кетди», — дейди Жўраева.

Блогерларнинг сўзларига кўра, «у қўрқиб кетиб, телефонида видеога олмоқчи бўлган».

«Iphone 12 Pro Max телефонимни олиб, синдириб, мени уриб, ерга ётқизиб тепди, 4 нафар эркак қараб турди. Мен билан 2 фермер аёл бор эди, уларни ҳам урушиб, менинг телефонимни олди. Телефонимни сўраганимда, уни синдириб берди. Лекин телефоним ишлаяпти», — дея қўшимча қилади у.

Фатима Жўраева Ички ишлар вазирилиги, Бош прокуратура, Энергетика вазирлиги, президент, бош вазир, Сенат раиси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда фермерлар кенгашига юзланиб, улардан Улуғнор туманига келиб, фермерларга бўлаётган сунъий қарздорликларни текширишларини сўради.

Жўраева айни вақтда Андижон вилояти Улуғнор тумани шошилинч тиббиёт марказида даволанмоқда.

Бош прокуратура муносабати

Мазкур мурожаат юзасидан Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов изоҳ берди.

Аниқланишича, 22 ноябрь куни блогер Фатима Жўраева Улуғнор тумани ИИБга мурожаат қилиб, айбдор корхона ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ҳозирда мазкур мурожаат бўйича туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фатима Жўраеванинг олган тан жароҳатларини оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Текширув ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.

Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг Kun.uz`га маълум қилишича, Фатима Жўраева калтакланмаган. Корхона матбуот хизмати аёлнинг ўзи жанжал яратмоқчи бўлганини айтди. Корхона аёлнинг «Менда эпилепция бор» деб баланд овозда қичқиргани ва стол устига бир даста қоғоз улоқтиргани акс этган видео тасвирни тақдим этди.