Ўзбекистонга меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажми 2021 йилда қарийб 7,6 млрд долларни ёки мамлакат ЯИМнинг 11,6 фоизини ташкил этиши кутилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки ўзининг Миграция ва ривожланиш масалаларига бағишланган ҳисоботида эълон қилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда паст ва ўрта даромадли мамлакатлар меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари кутилганидан ҳам жадалроқ — 7,3 фоизга ўсиб, 589 млрд долларни ташкил этган.

Ҳисоботда айтилишича, Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмалари ҳажми 2020 йилда 8,6 фоизга камайган. 2021 йилда Европа Иттифоқидаги иқтисодий тикланиш ҳамда нефть ва газ нархларининг кескин ошиши ҳисобига пул ўтказмалари ҳажми 5,3 фоизга ўсиб, 67 млрд долларни ташкил этиши, 2022 йилда эса 3,8 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ҳозирда пул ўтказмалари минтақада ташқи молиялаштиришнинг энг катта манбаи ҳисобланади.

График: Жаҳон банки.

Маълум қилинишича, паст ва ўрта даромадли мамлакатларга (Хитойни ҳисобга олмаганда) пул ўтказмалари ҳажми кетма-кет иккинчи йил давомида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТТХИ) ва ривожланишга расмий ёрдамнинг (РРЙ) умумий ҳажмидан ошиши кутилмоқда.

«Бу иқтисодий қийинчиликлар даврида мигрантлар она юртларидаги озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш ва таълим каби зарурий товар ва хизматлар учун уй хўжаликларининг харажатларига таянч бўладиган пул ўтказмаларининг нақадар муҳим эканлигини англатади», — дейилади ҳисоботда.

«Уй хўжаликларининг молиявий танглигини енгиллаштириш учун пул ўтказмаларини жўнатишга қулайроқ муҳит яратиш — пандемиядан кейинги глобал иқтисодиётни қайта тиклаш бўйича ҳукумат сиёсатининг асосий устунларидан бири бўлиши керак», — дея таъкидлади Жаҳон банкининг Ижтимоий ҳимоя ва бандлик бўйича глобал амалиёт департаменти директори Михал Рутковски.

Маълумотларга кўра, банклар орқали пул ўтказмаларини жўнатиш нархи рақамли каналлар ёки нақд пул жўнатиш хизматларини кўрсатувчи компаниялар орқали юборилганидан кўра одатда юқорироқ бўлади.

«Пул ўтказмалари оқимини, айниқса, рақамли каналлар орқали пул ўтказмалари оқимини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мигрантлар ва пул ўтказиш компаниялари учун банк ҳисобларига йўл очиш асосий талаблар бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, давлат сиёсатидаги жавоб чоралари бундан кейин ҳам мигрантларни қамраб олиши, хусусан, мигрантлар учун вакциналарга йўл очиш ва ишсизликдан ҳимояланиш каби соҳаларда давом этиши керак», — дея қайд этган Дилип Ратҳа, ҳисоботнинг етакчи муаллифи.

Маълум қилинишича, глобал макроиқтисодий прогнозларга мувофиқ, 2022 йилда пул ўтказмалари ҳажми 2,6 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Ҳисоботда келтирилишича, «COVID-19 билан касалланишнинг яна кескин ўсиши ва ҳаракатланишга чекловларнинг қайта киритилиши», шунингдек, «бюджетдан рағбатлантириш ва бандликни қўллаб-қувватлаш дастурларининг тугатилиши» пул ўтказмалари оқимининг камайишига сабаб бўлиши мумкин.

Маълумот учун, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 5,7 млрд долларни ташкил этган.

Марказий банк тўққиз ой якунларига кўра тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити четдан кириб келган пул маблағлари ҳисобига қисман қопланганлигини маълум қилган эди.