Марказий банкнинг январь-сентябрь ойлари якунлари бўйича тўлов баланси жорий операциялари ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари асосида тайёрланган ҳисоботи эълон қилинди.

Маълум қилинишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўтган 9 ой якунига тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити 5,3 млрд долларни ташкил этди.

Ўтган даврда савдо баланси (товарлар ва хизматлар) манфий сальдоси 10,1 млрд долларни, бирламчи ва иккиламчи даромадларнинг ижобий сальдоси 4,8 млрд долларни ташкил этган. Натижада савдо баланси манфий сальдоси хориждан пул ўтказмалари ҳисобига қисман қопланган.

Манба: cbu.uz

Қайд этилишича, январь-сентябр ойлари якунлари бўйича жами товарлар экспорти 8,1 млрд долларни ташкил этган. Бунда, экспорт (номонетар олтин ҳисобга олинмаган ҳолда) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 фоизга ёки 1,8 млрд долларга кўпайиб, 6,7 млрд долларни ташкил этган. Товарлар экспортидаги ўсиш асосан текстиль ва металлургия саноати маҳсулотлари экспорти ҳажмидаги ўсиш ҳисобига юз берганлиги айтилмоқда.

Хизматлар экспорти эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга ёки 322 млн долларга ошиб, 1,6 млрд долларни ташкил этган. Пандемия билан боғлиқ чекловларнинг аста секинлик билан юмшатилиши хизматлар савдо айланмаси кўпайишига сабаб бўлганлиги қайд этилган.

«Товарлар импорти 16,5 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоиз ёки 2,9 млрд долларга ошди. Товарлар импортининг асосий қисмини „машиналар, ускуналар, механизмлар“, „қимматбаҳо бўлмаган металлар ва улардан буюмлар“, „кимё саноати маҳсулотлари“ ва „ер усти, ҳаво ва сув транспорти воситалари“ товар гуруҳлари ташкил этди», — дейилади ҳисоботда.

Хизматлар импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоиз ёки 794 млн долларга ошиб 3,3 млрд долларни ташкил этган. Хизматлар импорти тузилмасида транспорт хизматларида сезиларли ўсиш кузатилган.

Шунингдек, ҳисоб-китобларга асосан, бирламчи даромадлар ижобий сальдоси 218 млн доллар миқдорида шаклланган. Иккиламчи даромадлар ижобий салъдоси 4,6 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26 фоизга ўсиши кузатилган.

Марказий банк ташқи даромадлардаги ўсишни пандемия билан боғлиқ чекловлар юмшатилиши натижасида хорижга чиқиб кетган меҳнат мигрантлари сонининг ўсиши ва харажатлар қисмини «жалб қилинган қарзларга ҳисобланган фоизлар ва тўғридан-тўғри инвесторлар даромадларининг ўсиши» билан изоҳламоқда.

Маълумот учун, январь-август ойларида Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми қарийб 4,9 млрд долларни ташкил этган эди.