Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 5,7 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк бошқарувининг 21 сентябрь куни ўтказилган йиғилишида маълум қилинди.

Марказий банк маълумотига кўра, хориждан кириб келган пул ўтказмалари ҳажмида 2020 йилнинг мос даврига (4,3 млрд доллар) нисбатан 34,2 фоизга, 2019 йилнинг мос даврига (4,5 млрд доллар) нисбатан эса 29 фоизга ўсиш кузатилган.

Шунингдек, мамлакатнинг асосий савдо-ҳамкорлари (Туркияни ҳисобга олмаганда) миллий валюталари бўйича алмашув курсларида йил бошидан буён кескин ўзгаришлар кузатилмаганлиги реал алмашув курси бўйича фарқларни юзага келтирмаганлиги айтилмоқда.

Январь-август ойларида мамлакатга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 4,9 млрд долларни ташкил этган эди.

Аввалроқ Марказий банк тўққиз ой якунларига кўра тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити четдан кириб келган пул маблағлари ҳисобига қисман қопланганлигини маълум қилган эди.