Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрда парламентга йўллаган мурожаатномасида 2021 йилда 10 та президент мактаби бунёд этилишини таъкидлаган эди.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати президент мактаби Алишер Навоий Шох кўчасида жойлашган Андижон шаҳар ҳокимлиги ва таҳририят биноларининг ўрнида бунёд этилиши режалаштирилганини маълум қилди.

Бунга қадар, Xabar.uz нашри вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов келиб, бино жойлашувини кўргач, журналистларни «таҳририят ходимлари кўчада қолмасмикан?» деган савол қийнаётгани ҳақида ёзган эди. Унда шунингдек, президент виртуал қабулхонасига журналистлар мурожаат қилгани ҳам қайд этилганди.

Андижоннома ва Андижанская правда таҳририяти. Фото: Yandex.

Вилоят ҳокимлиги ишонтиришича «таҳририят ходимларининг хавотирига ўрин йўқ». «Таҳририят учун Андижон шаҳри марказида барча қулайлик ва шароитларга эга, замонавий бино қуриб битказилиб, таҳририят кўчириб ўтказилганидан сўнг қурилиш ишлари амалга оширилади», дейилади хабарда.

Президент мактаблари агентлиги маълумотларига кўра, ҳозирда тўртта ҳудудда — Тошкент, Наманган, Нукус ва Хивада президент мактаблари фаолият юритмоқда. 2021 йилда Навоий, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Андижон вилоятларида президент мактаблари қурилиши режалаштирилган.