Қум ва чанг бўронлари ўзи нима

Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) қум ва чанг бўронларини одатда ўсимлик қоплами чекланган қурғоқчил ва ярим қурғоқчил ҳудудларда содир бўладиган хавфли атмосфера ҳодисаси сифатида таърифлайди. Кучли шамол тақир ва қуруқ тупроқдан кўп миқдордаги минерал чангларни (қум ва бошқа тупроқнинг устки қатлами материаллари) кўтариб, уларни юзлаб, минглаб километрларгача олиб боради.

Чанг зарраларининг ҳавода қолиш муддати уларнинг ҳажми ва об-ҳаво шароитларига боғлиқ: ҳажман йирик заррачалар тезроқ чўкади, кичикроқ заррачалар эса юқорида учиб юришга кўпроқ мойил бўлади. Шунингдек, чанг атмосферадан ёғингарчилик билан ювилади. Ўртача ҳисобда, улар ҳавода бир неча соатдан (диаметри 10 микрометрдан ортиқ бўлган зарралар) 10 кундан ортиқ (диаметри 1 микрометрдан кичик бўлган зарралар) муддатгача сақланиб қолади.

Қум ва чанг бўронлари чангли тутун ёки чангли туман — тупроқдан кўтарилган чанг ёки қум зарраларининг ҳаводаги аралашмаси — ҳосил бўлишига олиб келади. ЖМТ чанг ёки қум бўронлари туман ҳудудида, яқинида ёки ундан узоқда содир бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. 4 ноябрь куни кечқурун Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларини айнан мана шундай чанг-қумли туман қоплади.

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, бундай ҳодиса мамлакатда 150 йил ичида, яъни бутун метеорологик кузатувлар давомида биринчи марта кузатилган. Бир қатор ҳудудларда атмосфера хавосининг кўриниш даражаси 500−1000 метргача, Тошкент шаҳрида эса 200 метргача ёмонлашган.


ЖМТ Осиё минтақавий марказининг SDS-WAS (Қум ва чанг бўрони ҳақида огоҳлантириш тизими ва баҳолаш) 5 ноябрь 18:00 (UTC) ҳолатига кузатув кадри. Ушбу кадрда Тошкентда кўриниш даражаси 200 метргача бўлганини кўриш мумкин. Катталаштириш учун босинг.

Қум ва чанг бўронларининг сабаблари

2016 йилда БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) томонидан эълон қилинган Қум ва чанг бўронларининг таъсири бўйича Глобал баҳолаш ҳисоботига кўра, қум ва чанг бўронлари бир қатор ўзаро боғлиқ бўлган бевосита (табиий) ва билвосита (антропоген) омиллар натижасида юзага келади (pdf).

Табиий омилларга иқлим (шамол тезлиги, унинг йўналиши, ҳаво ҳарорати ва бошқалар), тупроқ (тури, таркиби ва бошқалар), ўсимликлар (тури, зичлиги ва бошқалар) ва рельеф шакли киради.

Антропоген омиллар ҳиссасига глобал миқёсдаги чанг чиқиндиларининг тахминан 25 фоизи тўғри келади. Айниқса, чанг эмиссиясига мўлжалланган ҳудудларда инсон фаолияти табиий экотизимлар учун энг катта хавф туғдиради.

«Ўсимликларнинг нобуд бўлиши, биохилмахилликнинг йўқолиши ва тупроқ юзасига таъсир кўрсатиш (масалан, тупроқнинг биологик қобиғини йўқ қилиш орқали) бундай ҳудудларда чанг ҳосил бўлишига мойилликни оширади. Инсон фаолияти натижасида юзага келган, сув ҳавзаларининг қуришига олиб келадиган гидрологик ўзгаришлар ҳам қум ва чанг бўронлари хавфининг ошишига олиб келади. Шу муносабат билан чангнинг потенциал манбалари бўлган табиий экотизимларни муҳофаза қилиш тавсия этилади», — дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда қайд этилишича, ўсимликлар шамол оқимини бошқариш ва унинг ер юзасига таъсир қилувчи силжиш кучланишини камайтириш орқали механик тўсиқ ҳосил қилади. Ўрмонлар ва дарахтзорларни йўқ қилиш, дарахтлар ва жонли тўсиқлар зичлигини камайтириш шамол тезлигини оширади ва ҳаво бўйлаб тарқалган зарраларнинг тутиб қолинишини камайтиради.

Экинларни бошқаришнинг пухта ўйланмаган стандартлари (масалан, тупроқ унумдорлиги, уруғлик сифати, ерга ишлов бериш, экиш ва зараркунандаларга қарши кураш билан боғлиқ) ўсимликларнинг ёмон ўсишига ва тупроқ унумдорлигининг пасайишига олиб келади, бу эса шамол эрозияси хавфини оширади (тупроқнинг майда зарралари шамолда кўтарилиши ва учиб юриши).

Чангнинг атроф-муҳитга, инсон саломатлигига ва иқтисодиётга таъсири

Атроф-муҳит

Чанг бўронлари қитъалараро тарқалиши туфайли ҳам ижобий, ҳам салбий глобал оқибатларга олиб келади. Масалан, чанг ўрмонлар ва океан юзаси сувларини озиқ моддалар билан таъминлаш орқали Ернинг биогеокимёвий циклларида муҳим рол ўйнайди. Шу билан бир қаторда чанг иссиқхона эффекти билан бир хил таъсирга эга: у Ер атмосферасига кириб келаётган қуёш радиациясини ўзига сингдиради ва тарқатади, ер юзасига етиб келадиган миқдорни камайтиради ва Ер сиртида акс эттирилган узун тўлқинли нурланишни ўзига сингдиради. Сайёрадаги радиация балансидаги ўзгаришлар қурғоқчиликнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

Инсон саломатлиги

Ҳавонинг аралаш заррачалар, шу жумладан, чанг билан ифлосланиши кўп сонли одамларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатади, чунки бундай аралашмаларнинг таъсир кучи хавфли ҳисобланмайдиган хавфсизлик чегараси йўқ. Чанг зарралари нафас йўлларини зарарлайди ва бронхит, эмфизема, юрак-қон томир касалликлари (масалан, инсульт), кўз инфекциялари, терининг зарарланиши ва менингококк менингит каби касалликларни келтириб чиқариши ёки чуқурлаштириши мумкин. Бундан ташқари, қум ва чанг бўронлари кўришнинг пасайиши ва йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ўлим ва жароҳатланишларга олиб келиши мумкин.

Чанг зарралари ҳажми соғлиқ учун потенциал хавфни аниқлашнинг асосий омилидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, диаметри 10 микрондан кичик бўлган зарралар (≤ ПМ10) ўпкага чуқур кириб, у ерда жойлашиб олиши мумкин. Диаметри 2,5 микрондан кичик бўлган зарралар (≤ ПМ2,5) саломатликка янада ёмон таъсир қилади: улар ўпкада аэрогематик тўсиқни кесиб ўтиб, қон айланиш тизимига тушиши мумкин. Заррачаларнинг мунтазам таъсири юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари, шунингдек, ўпка саратони ривожланиш хавфини оширади.

Инсон сочи толаси мисолида PM10 ва PM2,5 заррачалар ўлчамларини кўрсатувчи АҚШнинг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги инфографикаси. Ўртача инсон сочи толасининг диаметри тахминан PM70 ни ташкил қилади — бу PM2,5 заррасидан деярли 30 баравар катта.

Одатда, ҳавонинг аралаш заррачалар билан ифлосланиш даражаси бир кубометрга тўғри келадиган микрограмм (мкг/м3) билан ўлчанади.

Тавсия этилган концентрация миқдори чегаралари:

Майда тарқалган аралаш заррачалар (ПМ2,5)

5 мкг/м3 — ўртача йиллик миқдор

15 мкг/м3 — ўртача кунлик миқдор

Йирик тарқалган қаттиқ зарралар (ПМ10)

15 мкг/м3 — ўртача йиллик миқдор

45 мкг/м3 — ўртача кунлик миқдор

4 ноябрь куни кечқурун (соат 21:00—23:00 оралиғида) Тошкент шаҳрида ҳаводаги чанг миқдори тавсия этилган концентрация чегарасидан 30 баравар ошиб кетди.

Иқтисодиёт

Қумли ва чангли бўронлар қисқа муддатли ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодий таъсирга эга.

Қисқа муддатли истиқболда
Узоқ муддатли истиқболда
Инсон саломатлиги билан боғлиқ муаммолар ва ўлим
Инсон саломатлиги билан боғлиқ умумий муаммолар
Бир йиллик ва кўп йиллик экинларнинг зарарланиши
Тупроқ эрозияси ва сифатининг пасайиши
Уй ҳайвонларининг ўлими
Заҳарли биологик материаллар (замбуруғлар, бактериялар), оғир металлар ёки тузларнинг чўкиши натижасида тупроқнинг ифлосланиши
Инфратузилманинг шикастланиши (масалан, бинолар, телефон тармоқлари, энергия иншоотлари, иссиқхоналар)
Глобал иқлим тартибининг бузилиши
Инфратузилмани қум ва чангдан тозалаш харажатлари (масалан, йўллар, аэропортлар, энергетика объектлари)

Транспортлар қатновидаги узилишлар (ҳаво, автомобил, темир йўл); авиация ва йўл-транспорти ҳодисалари

Қум ва чанг бўронлари вақтида эҳтиёт чоралари

Қум ва чанг бўрони натижасида саломатлик билан муаммолар хавфи энг юқори бўлган тоифа:

  • чақалоқлар ва болалар;
  • кексалар;
  • нафас олиш тизими касалликлари билан оғриган кишилар;
  • юрак-қон томир касалликлари билан оғриган кишилар;
  • диабет билан оғриган кишилар.

Қум ва чанг бўрони пайтида нима қилиш керак?

  • имкон қадар кўпроқ уйда қолинг, дераза, эшик ва шамоллатиш тешикларини ёпинг, иложи бўлса, кондиционерни ва HEPA (PM2,5) фильтрли ҳаво тозалагични ёқинг;
  • агар ташқарига чиқишингиз зарур бўлса, респиратор ниқоб тақинг (у юзингизга маҳкам ўрнашиб, жуда кичик заррачалар билан нафас олишдан ҳимоя қилиши керак) ва кўзингизни ҳимоя қилиш учун кўзойнак тақинг. Агар ниқоб бўлмаса, бурун ва оғзингизни нам мато билан ёпинг;
  • агар хавфсиз бўлса, кекса ёшдаги ва бошқа ночор қўшнилардан, аҳволи яхши эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун, хабар олинг.

Қум ва чанг бўронлари оқибатларини юмшатиш

БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси қум ва чанг бўронлари оқибатларини юмшатишнинг учта йўналишини қўллаб-қувватлайди:

  • Олдиндан огоҳлантириш тизимлари. Мутахассисларнинг таъкидлашича, олдиндан огоҳлантириш — қум ва чанг бўронлари оқибатларини юмшатишда муҳим қадамдир. Бу каби тизимлар мамлакатларга фойдаланувчиларга қум ва чанг бўронлари ҳақида ўз вақтида ва сифатли прогнозларни тақдим этишда ёрдам беради.
  • Ҳозирлик ва барқарорлик. Қум ва чанг бўронларига мувофиқлаштирилган ва келишилган тарзда чора кўриш фавқулодда вазиятда хатарларни баҳолаш ва оқибатларни юмшатишга ёрдам беради.
  • Антропоген таъсирни юмшатиш. Мутахассисларнинг фикрича, инсон фаолиятининг табиий экотизимларга таъсирини юмшатиш стратегиялари — чанг чиқиндиларини камайтиришнинг, эҳтимол, ягона йўлидир.

UNEP ҳисоботида қум ва чанг бўронлари таъсирини бартараф этиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар ҳам белгиланган. Уларга қуйидагилар киради:

  • Яйловлар ўсимликларини бошқариш (ўтларнинг ёнишини камайтириш, ҳайвонларни меъёридан ортиқча ўтлатишдан қочиш ва ҳ.к.);
  • Табиий дашт ва чўлларда ўсимликларни муҳофаза қилиш;
  • Қум тепаларини мустаҳкамлаш («ўлик» тўсиқлар, ўтлар ва буталарни экиш);
  • Тупроқнинг шамол эрозиясига чидамлилигини ошириш;
  • Табиий ва «ўлик» тўсиқлар, дарахтлар ва бошқаларни экиш орқали далалар ичида ва ўртасида шамол тезлигини пасайтириш;
  • Саноат корхоналаридан чангни тутиб қолиш тизимлари, қолдиқларни тозалаш ва бошқалар ҳисобига чанг чиқиндиларини камайтириш;
  • Шамол тезлигини пасайтириш ва чанг зарраларининг тутиб қолиниши учун шаҳарларда ўрмон бошпаналарини яратиш.