Президент 29 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни [ЎРҚ-726-сон] имзолади.

Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46−2-моддасига ҳам ўзгартириш киритилди.

Унга кўра, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан Интернетда фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётганда Ўзбекистонда жойлашган техник воситаларда ҳамда шахсга доир маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларни йиғишга, тизимлаштиришга ва сақлашга оид талабларга риоя этмаслик фуқароларга БҲМнинг 7 баравари (1 млн 890 минг сўм), мансабдор шахсларга эса 50 баравари (13 млн 500 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Амалда ушбу ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (810 минг сўмдан 1 млн 350 минг сўмгача), мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан 10 бараваригача (1 млн 350 минг сўмдан 2 млн 700 минг сўмгача) миқдорда жарима белгиланган.

Қонун билан шунингдек, Жиноят кодексининг 141−2-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, ушбу қилмиш маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг бир йил давомида такроран содир этилган тақдирда қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилади:

  • БҲМнинг 150 бараваригача (40 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима;
  • 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
  • 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида эса:

  • БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача (40 млн 500 минг сўмдан 54 млн сўмгача) миқдорда жарима;
  • 2 йилдан 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари;
  • 1 йилдан 3 йилгача озодликдан чеклаш;
  • 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Амалда эса мазкур жиноят учун БҲМнинг 50 бараваригача (13,5 млн сўм) миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. 141−2-модданинг иккинчи қисмида эса БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (13,5 млн сўмдан 27 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Ушбу ўзгартиришлар қонун кучга кирган кундан эътиборан 3 ой ўтгач амалга киритилади.