16 апрелдан бошлаб ижтимоий тармоқлар ва жаҳон интернет компаниялари «Шахсий маълумотлар тўғрисида"ги Қонуннинг 27−1-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини қайта ишлашлари шарт.

Ушбу қоиданинг ижроси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси йиғилишида ўрганилди, дея хабар бермоқда қуйи палата матбуот хизмати. Йиғилишда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги қонуннинг 20-моддаси ҳамда ушбу ҳужжатнинг 15 апрель куни кучга кириши назарда тутилган 271-моддаси ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилган.

Энди Facebook Inc. (Facebook Messenger, Instagram, WhatsApp), Google (Google Messenger, YouTube), Mail.ru (Вконтакте, Одноклассники), Microsoft Skype, Telegram, Tencent Wechat, TikTok, Twitter, Yandex (Яндекс.такси, Яндекс.карты, Яндекс.мессенжер, Яндекс.деньги) каби интернет компаниялар Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов беришда ушбу маълумотларни жисман мамлакат ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда базаларда йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши ҳамда шахсга доир маълумотлар базалари давлат реестрида рўйхатдан ўтказиши шартлиги белгиланган.

«Бу эса, ижтимоий тармоқлар ва интернет компаниялар Ўзбекистон Республикасида қонуний фаолият юритишни исташса, ўз техник воситаларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказишлари шартлигини ёки белгиланган тартибда маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлигини англатади», — дейилади хабарда.

Давлат персоналлаштириш маркази раҳбари Улуғбек Тошхўжаевнинг сўзларига кўра, ушбу йўналишда марказ томонидан бугунги кунга қадар бир қанча ишлар амалга оширилган. Хусусан, юқорида санаб ўтилган хорижий компанияларга Ўзбекистон қонунчилиги талабларига риоя қилиш тўғрисида хатлар юборилган.

Шу билан бирга, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги қонуннинг 20-моддаси талабларининг ижросини таъминлаш мақсадида яратилган «Pd.gov.uz» ахборот тизими орқали шахсга доир маълумотлар базалари мулкдор ва (ёки) операторларини шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестри рўйхатидан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Депутат Шуҳрат Шарафутдинов қонунчиликка бундай нормаларнинг киритилиши фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат эканини айтиб, бу ҳуқуқ Конституциянинг 13- ва 27-моддалари билан мустаҳкамлаб қўйилганини қайд этган.

Депутатларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда мазкур ижтимоий тармоқлар ва интернет компанияларга турли киберҳужумлар уюштириб келинмоқда. Натижада Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари ҳам ўғирланган.

Қонун нормаси кучга кирганига 1 ой бўлган бўлсада ваколатли давлат органи томонидан мазкур соҳа бўйича кўзга кўринадиган натижаларга эришилмаганлиги депутатларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди, дейилади Олий Мажлис қуйи палатасининг хабарида.