Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳамда Тўдакўл кўлида рекреацион кўллар ҳудуди барпо этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 14 июндаги «Ўзбекистон Республикасида сувда дам олиш ва пляж туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида айтилмоқда, дея хабар бермоқда Huquqiy-axborot Telegram-канали.

Қарорга кўра, Жиззах ва Навоий вилоятларининг туристик салоҳиятини ривожлантириш мақсадида Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳамда Тўдакўл кўлида рекреацион кўллар ҳудуди ташкил этилади.

Маълумотга кўра, мазкур рекреацион кўллар ҳудудида 2021−2025 йилларда туризмни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Рекреацион кўллар ҳудудига кирувчи ер участкаларини тадбиркорларга бериш, уларда қурилиш ва барпо этиш лойиҳаларини амалга ошириш Туризм ва спорт вазирлиги билан мажбурий тартибда келишилади.

Хабарга кўра, рекреацион кўллар ҳудудига кириш нуқтасида ахборот маркази ва замонавий автотураргоҳ ташкил этилади. Шунингдек, ташриф буюрувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда қутқатув бригадаси фаолияти йўлга қўйилади.

Қарор билан тасдиқланган концепцияни амалга ошириш орқали ҳар бири 5 йиллик даврни ўз ичига олган 3 босқичли қуйидаги натижаларга эришилади:

  • биринчи босқичда, жами 204 ўринли 6 та жойлаштириш воситаси, шунингдек, ҳудудда экотуристик объектлар, овчилик ва сувда дам олиш ҳудудлари ташкил этилади;
  • иккинчи босқичда, Айдаркўл атрофидаги 33 минг гектар ҳудудда янги туристик ҳудудлар, жойлаштириш воситаси, соғломлаштириш масканлари, спорт тадбирлари ўтказиладиган майдонлар барпо этилади;
  • учинчи босқичда, 300 ўринли жойлаштириш воситалари ва спорт тадбирлари ўтказиладиган майдонлар ташкил этилади, 1 200 ўринга мўлжалланган автотураргоҳ ҳамда савдо ҳудуди қурилади.

Рекреацион кўллар ҳудуди ва унга олиб борувчи 271 км йўллар таъмирланиб, қурилиш ишлари амалга оширилади, дейилади хабарда.