Zamin фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Жиззах вилоятига ташрифи давомида Зарбдор туманидаги 1 ва 2-сонли мактабларда бўлди, дея хабар қилди фонд матбуот хизмати.

Эшитиш қобилияти заиф болалар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида мактабларга замонавий FM-тизимлари совға қилинди. ФМ-тизим керакли товушларни бевосита ўқувчининг эшитиш аппаратларига узатаётгани туфайли болалар ўқитувчининг гапини эшитадилар ва нутқни синфда ҳам, шахсий дарсларда ҳам ривожлантирадилар.

Zamin фонди кўмагида ихтисослаштирилган мактабларнинг 2 минг нафар ўқувчисига 2 донадан замонавий эшитиш аппарати бепул топширилмоқда.

«Олдимизда турган муҳим вазифалардан бири, сиз ўзингизни намоён қилишингиз учун зарур шароитларни яратиб бериш. Ўқишда, ишда, ижодда, спортда, ижтимоий фаолиятда ўзингизни топа олишингизни истаймиз. Қобилиятингиз, қизиқишларингизни юзага чиқаришда ҳеч қандай тўсиқ бўлмасин, деймиз», — деди Зироат Мирзиёева ўқувчилар билан учрашувда.

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Бухоро, Фарғона ва Андижон вилоятларида жойлашган 8 та ихтисослаштирилган мактабларда ана шундай жиҳозлар ўрнатилади. 2022 йил охиригача Республика бўйлаб барча 18 та мактаб тўлиқ жиҳозланиши кутилмоқда.

Шу билан бир қаторда, ўқув жараёнида жиҳозлардан фойдаланиш бўйича ҳам ўқитувчилар учун хорижлик мутахассислар томонидан махсус тренинглар ўтказилмоқда. Бир гуруҳ мутахассислар эса болаларнинг эшитиш қобилиятини диагностика қилиш ва эшитиш воситаларини индивидуал созлашни амалга оширмоқда.