3 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Шуҳрат Вафаев ва Европа комиссияси департамент бошлиғи Сара Риналди раислигида ривожланиш соҳасида ҳамкорлик масалалари бўйича «Ўзбекистон-ЕИ» кичик қўмитасининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Хабарга кўра, учрашув кун тартибидаги асосий масалалар 2021−2027 йилларга мўлжалланган янги дастур доирасида Европа комиссияси билан икки томонлама молиявий-техникавий ҳамкорлик истиқболлари ва йўналишларидан иборат бўлди.

Томонлар қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва «яшил ўсиш», суд ҳамда транспорт-логистика тизимларининг бошқарув самарадорлигини ошириш ва рақамлаштириш, инвестициявий муҳитни юксалтириш, шунингдек, Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишларидаги лойиҳа ва тадбирлар бўйича масалаларга тўхталиб ўтди.

Қайд этилишича, Европа комиссияси 2021−2024 йилларда Ўзбекистонга 83 млн евро миқдорида мақсадли грантлар ажратиш, шунингдек, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш мақсадида «Team Europe» ташаббуси доирасида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан биргаликда молиявий ва техник ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 1 декабрида Ўзбекистон Европа Иттифоқига тарифсиз товар экспорт қилиш учун янги имтиёзлар олган эди. Унга кўра, Европа комиссияси Ўзбекистонга «GSP+» Преференциялар бош тизими плюс бенефициар — мамлакати мақомини бериш бўйича муддатидан олдин ижобий қарор қабул қилганди. Бу мамлакатдан Европа Иттифоқига тарифсиз экспорт қилинадиган маҳсулотлар сонини икки бараварга кўпайтириш имконини бериши қайд етилганди.